ИҲТ ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Мустақил доимий комиссиянинг 26-сессиясида Ўзбекистон делегацияси иштирок этмоқда
14 декабрь куни Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Бош котибиятининг Жидда шаҳридаги қароргоҳида ушбу халқаро ташкилот ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Мустақил доимий комиссиянинг 26-сессияси ўз ишини бошлади. Сессия “Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларда ёшларни ривожлантириш: инсон ҳуқуқларига дахлдор муаммолар ва имкониятлар” мавзусига бағишланган.
Сессия ишида ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси аъзоси – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилло Тиллабоев бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси иштирок этмоқда.
ИҲТ Бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ёрдамчиси Юсуф бин Муҳаммад ад-Дубайъий очилиш маросимида Бош котиб Ҳусайн Иброҳим Тоҳа номидан иштирок этди ва нутқ сўзлади.
Аввало Комиссия Котибиятининг янги ижрочи директори этиб тайинланган, инсон ҳуқуқлари соҳасида кенг ҳуқуқий ва қонунчилик тажрибасига эга доктор Ҳоди бин Али ал-Ямий самимий қутланди. Шунингдек, Комиссия раиси сифатидаги ваколати якунланаётган доктор Ҳожи Али Ажикғолга чуқур миннатдорлик билдирилиб, унинг Комиссия нуфузини ошириш ва фаол ролини кучайтиришдаги ҳиссаси юқори баҳоланди.
ИҲТ ёшларни ҳаётимиздаги янгиланишларнинг энг кучли омили деб билиши таъкидлади. Бугунги глобал манзара тезкор технологик тараққиёт ва турли соҳалардаги ўзгаришлар билан ажралиб туриши, бу ҳолат бир вақтнинг ўзида ёшлар учун мислсиз имкониятлар яратиши билан бирга, муайян чақириқларни ҳам юзага келтираётгани қайд этилди.
Шунингдек, ИҲТнинг ёшларни таълим, инновациялар ва тадбиркорлик орқали қўллаб-қувватлаш борасидаги қатъий мажбуриятига яна бир бор эътибор қаратилди. Бунда навқирон авлод вакилларини адолат, фаровонлик ва умумий инсоний қадр-қимматга асосланган келажакни барпо этиш учун зарур воситалар билан таъминлаш жуда муҳим.
Сессияда ИҲТ ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш, бирдамликни кучайтириш, цивилизациялараро мулоқотни ривожлантириш ва навқирон инсонларнинг салоҳиятида реал ўзгаришлар яратиш орқали ёшлар масалаларини қўллаб-қувватлашни изчил давом эттириб келаётгани эътироф этилди. Бу борадаги истиқболли вазифалар муҳокама қилинди.
Маълумот учун: Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссия ИҲТнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги асосий эксперт органи ҳисобланади. Ушбу Комиссия 2011 йилда ташкил этилган бўлиб, уч йил муддатга сайланадиган 18 аъзодан иборат. Комиссия ИҲТга кенг кўламли масалалар, жумладан, фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар, ижтимоий адолат, озчиликлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, диний бағрикенглик ва инсонпарварлик муаммолари бўйича маслаҳатлар беради.
Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссия ўз фаолиятида ИҲТ Низоми ва ИҲТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Қоҳира декларациясига амал қилади. Ислом қадриятларини инсон ҳуқуқлари соҳасидаги умумэътироф этилган халқаро нормалар билан уйғунлаштиришга интилади.
Туркиянинг Истанбул шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 2025 йил 21-22 июнь кунлари бўлиб ўтган 51-сессиясида Ўзбекистон вакили – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари, профессор Мирзатилло Тиллабоев уч йил муддатга ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясига аъзо этиб сайланди. Натижада ИҲТ Комиссиясининг тўлақонли аъзоси сифатида Ўзбекистон долзарб ташаббусларни илгари суриш ва умумий қадриятларга асосланган конструктив мулоқот учун янада салмоқли платформага эга бўлди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский