Сенаторлар “Пекин+30: гендер тенглик ва хотин-қизлар ҳуқуқлари ҳамда имкониятларини кенгайтириш” миллий форумида иштирок этди

Жорий йил 12 декабрь куни Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзолари Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази биносида “Пекин+30: гендер тенглик ва хотин-қизлар ҳуқуқлари ҳамда имкониятларини кенгайтириш” миллий форумида иштирок этди.

Анжуманда Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар, жумладан, уларнинг сиёсий ва ижтимоий ҳаётдаги иштирокини кенгайтириш, тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, иқтисодий имкониятларни кенгайтириш ва иқлим ўзгариши шароитида гендер ёндашувни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Иштирокчилар гендер тенгликни таъминлаш борасида кейинги йилларда эришилган натижалар билан бирга, хотин-қизларнинг қарор қабул қилиш жараёнларида фаол иштирокини таъминлаш, зўравонликка қарши манзилли профилактика чораларини кучайтириш ва ҳуқуқий саводхонликни ошириш каби долзарб масалаларни ҳам атрофлича муҳокама этди.

Шунингдек, рақамли технологиялар жадал ривожланаётган шароитда хотин-қизларни рақамли муҳитга мослаштириш, киберхавфсизликни таъминлаш муҳим эканлигига эътибор қаратилди.

Иштирокчилар келгусида миллий дастурларни такомиллаштириш, тизимли ҳамкорликни кучайтириш ҳамда Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформасида белгиланган мақсадларга эришишга қаратилган таклифларини билдирди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech