Ўзбекистон делегациясининг Испаниядаги амалий учрашувлари бошланди

15 декабрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори ўринбосари Д.Муратова бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси Мадрид шаҳрида Испания Пенитенциар муассасалари Бош котибияти (SGIP) вакиллари билан учрашув ўтказди.

Учрашувда Ўзбекистон томонидан – Миллий марказ, Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги вакиллари ҳамда Жазони ижро этиш департаментининг 35 ва 24-сонли манзил колониялари бошлиқларидан иборат делегация аъзолари иштирок этди.

Испания томонидан – Пенитенциар муассасалар Бош котиби Луис Ортиз Гонсалез, Бош директор Мигел Анхел Висенте Суенса ҳамда Бош котибият вакили Фернандо Де Ласала Порта ва бошқалар мулоқотда қатнашди.

Учрашув аввалида Бош котиб Луис Ортиз Гонсалез Испания жазони ижро этиш қонунчилиги ва тизими, ушбу соҳада сўнгги 50 йилда амалга оширилган ислоҳотлар, Испаниянинг жазони ижро этиш соҳасида Европа Иттифоқида тутган ўрни хусусида маълумот берди.

Мулоқот асносида таъкидланганидек, бугунги кунда Испанияда 100 минг кишига 116 нафар маҳкум тўғри келади ва ушбу кўрсаткич бошқа ривожланган давлатларга нисбатан анча паст. Испаниядаги жазони ижро этиш муассасаларида 60 минг атрофида маҳкум сақланаётган бўлиб, айни муассасаларнинг 80 фоизи (Европа Иттифоқида бу кўрсаткич  90 фоиз) маҳкумлар билан банд ва қарийб 12 минг жой бўшдир. Жиноятчиликнинг айниқса ёш авлод ўртасида пастлиги ва такрорий (рецедив) жиноятчиликнинг 1 фоизга пасайишида муқобил чораларнинг ўрни муҳим эканлиги қайд этилди.

Шундан сўнг, Д.Муратова Ўзбекистон делегациясига Испания жазони ижро этиш тизими ва соҳадаги илғор тажриба билан танишиш имкониятини тақдим этганлари учун Бош котибият вакилларига миннатдорлик билдирди. Шунингдек, сўнгги йилларда Ўзбекистонда жазони ижро этиш соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар ва эришилган ютуқлар билан Испания тарафини таништирди.

Учрашувда Испания Пенитенциар муассасалари Бош директори Мигел Анхел Висенте Суенса делегация аъзоларига Испания жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумларни сақлаш, ўқитиш ва уларга яратилган бошқа шароитлар ҳақида сўзлаб берди. Меҳмонларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди. Учрашув икки томони учун ҳам манфаатли руҳда ўтди.

Маълумот учун: Испания Пенитенциар муассасалари Бош котибияти мамлакат Конституциясида назарда тутилган мақсадларга эришиш учун жазони ижро этиш муассасаларига кўмаклашиш, бошқариш ва назорат қилиш билан боғлиқ ваколатларни амалга оширади. Бош котибият 1996 йили Адлия вазирлигидан олиниб, Ички ишлар вазирлиги тизимига киритилган. Ушбу тузилма 2008 йилда Ҳукумат қарори билан такомиллаштирилиб, унга Бош котибият мақоми берилган.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech