Миллий оралиқ ҳисобот тайёрланмоқда

16 декабрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши Универсал даврий шарҳининг (УДШ) тўртинчи босқичи доирасида Ўзбекистон олган тавсияларни амалга ошириш юзасидан миллий оралиқ ҳисобот тайёрлашга бағишланган маслаҳатлашувлар ўтказилди.

Офлайн ва онлайн тарзда ўтказилган Миллий марказ томонидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё минтақавий бўлинмаси билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда асосий эътибор маслаҳатлашувлар ва тавсиялар орқали умумлаштирилган оралиқ ҳисоботни ишлаб чиқишга қаратилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов тадбирни очиб берар экан, мамлакатимиз ҳуқуқий тизимидаги туб ўзгаришларга эътиборни қаратди. Бунда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида инсон қадр-қиммати устувор этиб белгилагани ва миллий инсон ҳуқуқлари институтларига конституциявий мақом берилгани алоҳида таъкидланди.

А.Саидов, шунингдек, мамлакатимизда БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси муваффақиятли жорий этилаётганини қайд этди. Айни чоғда, "Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги илғор қонун қабул қилинди ҳамда Ўзбекистон Республикасининг 2030-йилгача мўлжалланган Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегиясини тайёрлаш борасида фаол иш бормоқда.

Халқаро ҳамкорлар Ўзбекистоннинг 2023 йилда қабул қилинган тавсияларни амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий вакили М.Богнер Ташкилотнинг таҳлилий ва экспертлик ёрдамини кўрсатишга тайёрлигини тасдиқлади ҳамда 2026 йил бошида қўшимча мулоқот майдони яратишни таклиф қилди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Универсал даврий шарҳ масалалари бўйича минтақавий маслаҳатчиси П.Бялик мамлакатнинг минтақадаги етакчилик ўрнини таъкидлади, яъни Ўзбекистон олинган 234 та тавсиянинг 95 фоизини қўллаб-қувватлагани эътироф этилди. П.Бялик мулоқот иштирокчиларини сўнгги икки йилдаги амалий натижаларга эътибор қаратишга ва ҳисоботлар шаффофлигини, шу жумладан асосий эркинликларга риоя қилиш масалалари бўйича ҳисобдорликни таъминлашга чақирди.

Мавзули сессиялар доирасида Миллий марказ экспертлари бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва гендер тенгликдан тортиб ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларни таъминлаш ва ҳуқуқий ўзгаришларгача бўлган асосий соҳалардаги ислоҳотлар шарҳини тақдим этдилар. Маърузачилар мамлакат халқаро ҳамжамият олдида олган мажбуриятларнинг бажарилишини кузатиб бориш учун идоралараро мувофиқлаштиришнинг ниҳоятда муҳимлигини таъкидладилар. Инклюзив таълим ва халқаро стандартларни миллий қонунчиликка татбиқ этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Муҳокамаларнинг фаол қисми халқаро ҳамкорлар, давлат идоралари ва фуқаролик жамияти вакиллари томонидан билдирилган таклифларга бағишланди. Иштирокчилар фуқаролар ҳаётидаги ўзгаришларни миқдорий кўрсаткичлардан сифат жиҳатдан таҳлил қилишга ўтиш тарафдори бўлдилар. Нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ижтимоий хизматлар кўрсатишда фуқаролик секторининг ҳиссасини ҳисобга олиш муҳимлигини ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун уй-жой субсидияларини олиш тартибини соддалаштириш зарурлигини таъкидладилар.

Амалий ва ишчан руҳда ўтган маслаҳатлашувлар якунида билдирилган ташаббусларни оралиқ ҳисобот лойиҳасига киритиш бўйича келишувга эришилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech