Иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлар ҳимоясини янада ривожлантириш
17 декабрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида "Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг Факультатив протоколини Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилиниши йўлида" мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизнинг ушбу халқаро ҳужжатга қўшилишининг ҳуқуқий ва институционал жиҳатлари муҳокама қилинди.
Учрашув Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлинмаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Семинар аввалида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидовнинг тадбир иштирокчиларига видеомурожаати намойиш этилди. Ўзбекистон вакили ўз сўзида, жумладан, мамлакатимизда иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларни ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади.
Шунингдек, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили М.Богнер онлайн тарзда сўзга чиқди. У, ўз навбатида, фуқароларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро механизмларидан фойдаланишини таъминлашда Факультатив протоколнинг роли хусусида тўхталди.
Тадбирнинг биринчи сессияси Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ва унга Факультатив протоколнинг мазмун-моҳиятини батафсил таҳлил қилишга бағишланди. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича маслаҳатчиси А.Яцевич якка тартибдаги шикоятларни тақдим этиш механизмлари ҳақида батафсил сўз юритиб, давлатларнинг ушбу ҳужжатлар доирасидаги мажбуриятлари билан боғлиқ энг кўп бериладиган саволларга жавоблар қайтарди.
Семинарнинг иккинчи қисмида экспертлар Ўзбекистоннинг айни ҳужжатни ратификация қилиш учун ҳозирги вақтда ҳуқуқий ва институционал жиҳатдан тайёргарлигини баҳоладилар.
Бу хусусда Миллий марказ етакчи мутахассиси Н.Султонов, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Котибияти вакили Ғ.Айдаров, шунингдек, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлимининг Ўзбекистондаги миллий дастурлари мувофиқлаштирувчиси И.Файзуллин маъруза қилди. Маърузачилар миллий қонунчиликни ҳар томонлама таҳлил қилиб, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича халқаро стандартларни имплементация қилиш соҳасида эришилган натижаларни қайд этдилар.
Учрашувнинг амалий қисми Факультатив протоколни ратификация қилиш бўйича миллий "Йўл харитаси" лойиҳасини ишлаб чиқишга қаратилди. БМТ эксперти А.Яцевич бошчилигида иштирокчилар кичик гуруҳларда муайян йўналишлар бўйича иш олиб борди.
Экспертлар зарур қонунчилик ва процессуал қадамларни, институционал салоҳиятни ошириш масалаларини батафсил кўриб чиқдилар. Шунингдек, маслаҳатлашувлар ўтказиш ва фуқаролик жамиятини ушбу жараёнга жалб қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.
Семинар якунида гуруҳлар ишлари сарҳисоб қилинди ва кейинги қадамлар белгилаб олинди. Иштирокчилар томонидан Факультатив протоколни ратификация қилиш бўйича тизимли ҳаракатлар режасини яратиш Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларини амалга оширишда муҳим босқич эканлиги ва фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини янада самарали ҳимоя қилишга ёрдам бериши алоҳида таъкидланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский