Давлат хизматларини кўрсатишда коррупция ва ортиқча бюрократияга бутунлай барҳам берилади

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида давлат хизматларини кўрсатишда инсон омилисиз, коррупция ва ортиқча бюрократиядан холи экотизим яратилиши қайд этилди. Давлат хизматларини проактив ва жамланма шаклда кўрсатиш тизими ривожлантирилади.

Адлия вазирлиги Давлат хизматлари департаменти бошлиғи Элдор Маҳкамов шу йўналишдаги ишлар ҳақида маълумот берди: 

– Давлат хизматлари марказлари давлатимиз томонидан аҳолига қулайлик яратиш мақсадида ташкил этилган. Ҳар қандай хизмат бир бинода, бир жойда. Энди аввалгидек идорама-идора юришга асло ҳожат йўқ.

Давлатимиз раҳбари бу соҳани юртдошларимиз учун янада қулай масканга айлантириш бўйича Мурожаатномада янги ташаббусларни илгари сурди ва тизим раҳбариятига топшириқлар берди. 

Эндиликда  давлат хизматларини аҳолига янада яқинлаштириш бўйича қаттиқ иш олиб борилади. 

Айтиб ўтиш керакки, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 750 дан ортиқ давлат хизматларини Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ҳамда 500 дан ортиғини давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиш тартиби жорий этилди.

Ҳозирги вақтда 90 дан ортиқ давлат хизмати проактив ва композит шаклларда кўрсатилмоқда. Бунда, вазирлик ва идоралар фуқаронинг мурожаатини кутмасдан, ўз ташаббусига асосан проактив шаклда давлат хизматини кўрсатмоқда. Хусусан, 2025 йил 1 мартдан фуқароларга ёшга доир пенсия фуқароларнинг мурожаатисиз тайинланмоқда.

Қолаверса, 30 га яқин давлат хизматининг натижасини Ягона портал орқали реал вақт режимида олиш имконияти яратилди. 60 дан ортиқ давлат хизматини кўрсатиш функцияси хусусий секторга ўтказилди.

Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларидан 150 турдаги маълумот ва ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинди. Адлия вазирлиги томонидан ушбу соҳани янада ривожлантириш ва бюрократик тартиботларни қисқартириш мақсадида келгусида бир қатор тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган. 

Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва давлат хизматлари марказлари орқали тақдим этиладиган хизматлар сони 900 тага етказилади. Проактив ва композит хизматлар сони 120 та бўлади.  

ФҲДЁ органлари, тиббиёт муассасалари ва судлар ўртасида ҳужжат алмашинувини тўлиқ электрон шаклга ўтказиш, аҳоли гавжум жойлар ва маҳаллаларни босқичма-босқич 1,1 минг интерактив киоск билан таъминлаш, ишончнома бериш ва вакилликни тасдиқлаш бўйича “Vakolat.uz” платформасини ишга тушириш, ахборот ва маслаҳат хизматларини сунъий интеллект воситасида кўрсатишни йўлга қўйиш устида иш олиб борилмоқда. 

“Бизнесни 15 дақиқада бошлаш” тамойили асосида тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишда бир вақтнинг ўзида еттита давлат хизмати кўрсатилади. 

Давлат хизматларини кўрсатишда аҳолига қулайлик яратиш мақсадида барча имкониятлар ишга солинади. Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, соҳада коррупция ва ортиқча бюрократияга бутунлай барҳам берилади

Норгул Абдураимова,

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech