2026 йилги Давлат дастурида Инсон ҳуқуқлари бўйича Бешинчи Самарқанд форумини ўтказиш белгиланди
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2026 йил 16 февралда «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш» йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва «Ўзбекистон-2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги Фармон имзоланди. Фармон билан тасдиқланган Ислоҳотлар дастурлари ҳамда Давлат дастури давлатимиз раҳбарининг халқимиз ва Олий Мажлисга Мурожаатномасида илгари сурилган ташаббуслар ва 2026 йил учун энг устувор ислоҳотларни қамраб олган.
Ислоҳотлар дастурлари тўғридан-тўғри амал қилиш механизмига эга ва айрим ташаббуслар бўйича алоҳида ҳужжат қабул қилишни талаб этмайди. Ҳар бир ислоҳотлар дастурининг ижроси учун шахсан жавобгар бўлган масъул раҳбар ва мувофиқлаштирувчи давлат ташкилоти белгиланди.
Ўз навбатида, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида мазкур Стратегиянинг 2026 йил учун белгиланган мақсадли кўрсаткичлари ижроси ташкил этилади. Дастур билан 337 та банддан иборат амалий чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. Жорий йилда соҳалар кесимида энг муҳим 59 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ва энг муҳим стратегик ислоҳотларни назарда тутувчи 12 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Хусусан, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида 2026 йил давомида ишлаб чиқиладиган стратегик режалаштириш ҳужжатлари лойиҳалари рўйхатининг 4-бандида “Инсон ҳуқуқлари – 2030” стратегиясини ишлаб чиқиш белгиланган.
Давлат дастури бўйича амалий тадбирлар режасининг 266-бандида эса Инсон ҳуқуқлари бўйича V Самарқанд форумини ўтказиш кўзда тутилди.
Ҳар икки банд ижроси учун асосий масъул этиб Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ (А. Саидов) белгиланди.
Шуни ҳам қайд этиш керакки, навбатдаги Самарқанд Форуми БМТнинг 1966 йил 16 декабрда қабул қилинган иккита асосий ҳужжати – Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 60 йиллигига, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг 30 йиллигига бағишланиши кўзда тутилмоқда.
Маълумот учун: Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми 2018 йилдан бошлаб анъанавий тарзда ҳар икки йилда ташкилий жиҳатдан юқори савияда ўтказиб келинмоқда. Форумнинг ташкилотчилари Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Ташқи ишлар вазирлиги, Молия вазирлиги, шунингдек, Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2020 йил 9 октябрда “Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми концепцияси ва инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумини ўтказиш регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарор қабул қилинган. Бу ҳужжат Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 22 июндаги "Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида"ги Фармони ижроси доирасида ишлаб чиқилган.
Самарқанд форумининг асосий вазифаларига қуйидагилар киради:
-
инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида тажриба алмашиш;
-
Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасида эришган ютуқлари ва ташаббусларини муҳокама қилиш, мамлакатнинг халқаро обрў-эътиборини мустаҳкамлаш;
-
халқаро ҳамжамиятнинг инсон ҳуқуқларига риоя этилишида саъй-ҳаракат ва имкониятларни бирлаштириш;
-
ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар ҳуқуқлари бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский