“Аёл борки, Олам мунаввар!”
Мамлакатимизда мўътабар аёл зотига улкан эҳтиром кўрсатиш, давлат ва жамият ҳаётида тутган ўрни ва нуфузини ошириш борасида изчил сиёсат олиб борилмоқда. Куни кеча Президентимиз Фармони асосида ана шу кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида фаол қатнашиб, Янги Ўзбекистонни барпо этиш, халқимиз фаровонлигини юксалтириш йўлида алоҳида ташаббус ва ибрат кўрсатиб келаётган, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш, ёшларимизни она Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга катта ҳисса қўшаётган хотин-қизларнинг бир гуруҳига юксак давлат мукофотлари берилди.

Жамият ва давлат ҳаётида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатаётган, ўзининг самарали меҳнати билан оиланинг шаклланиши ва фаровонлигини мустаҳкамлаш ҳамда миллий қадриятларимизни кенг тарғиб этиш борасида ибратли фаолият олиб бораётган пешқадам хотин-қизлар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ходимлари орасида ҳам кўплаб топилади ва улар муносиб равишда рағбатлантириб борилмоқда. Миллий марказ ходими Нонна Сафарова яқинда “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирлангани бунга яққол мисолдир.
5 март куни Инсон ҳуқуқлари уйида Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ташкил этилган “Аёл борки, Олам мунаввар!” мавзусидаги маданий тадбирнинг очилишида шу ҳақда сўз борди. Тадбирда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ходимлари, ҳамкор ташкилотлардан меҳмонлар ҳамда театр ва санъат вакиллари иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари 2025 йил 26 декабрда Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига тақдим этган Мурожаатномасида хотин-қизларнинг қадр-қимматини жойига қўйиш, фарзандларимизни ҳимоя қилиш – қадим-қадимдан эркаклар учун шаън ва ғурур масаласи бўлиб келгани ҳақида алоҳида тўхталгани бежиз эмас. Бинобарин, бугунги кунда юртимиз хотин-қизлари – ўз хонадонининг файзу фариштаси бўлган аёлларимиз жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларидаги ислоҳотларда ҳам фаол иштирок этмоқда.
Янги Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оила институтини ҳар томонлама мустаҳкамлаш бўйича энг қуйи бўғин – маҳалла ва хонадонгача кириб борадиган вертикал тизим яратилгани туфайли ҳам муҳим самаралар қўлга киритилмоқда. Бу борада 2026 йил 16 февралда Ўзбекистон Президентининг «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш» йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва «Ўзбекистон-2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги фармони қабул қилингани алоҳида аҳамиятга эга.


“Ўзбекистон–2030” стратегиясининг 25-мақсади оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий фаоллигини ошириш ва гендер тенгликни таъминлашдан иборат. Яна бир муҳим ҳужжат – 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикаси гендер тенгликка эришиш стратегияси ҳам ҳаётга кенг татбиқ этилмоқда.
Тадбирда Миллий марказ вакиллари ва меҳмонларининг байрам тилаклари янгради. Хотин-қизларга совғалар улашилди.

Истеъдодли санъаткор, бир қатор халқаро ва миллий қўшиқчилик танловлари ғолиби Сардор Шавкатовнинг жўшқин қўшиқлари даврага хуш кайфият бағишлади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский