“Наврўзни улуғлаш – инсонни улуғлашдир!” 

Ўзбекистон Республикаси Президенти 6 март куни “2026 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ушбу ҳужжат сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган том маънодаги тарихий ўзгаришларга мос ҳолда, маъно-мазмуни тобора чуқурлашиб бораётган Наврўз айёмини барча шаҳар ва қишлоқларимизда, бутун юртимизда умумхалқ сайли сифатида, юксак ташкилий савияда ва кўтаринки руҳда нишонлаш мақсадида қабул қилинди.

Қарорда таъкидланганидек, “Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, халқимиз фаровонлигини ошириш, жамиятда тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини, ижтимоий адолат тамойилларини мустаҳкамлаш йўлида улкан қадамлар ташланмоқда. Буларнинг барчаси қадимий тарих ва анъаналарга эга бўлган шарқона янги йил байрами – Наврўзи оламнинг инсонпарварлик моҳияти, унинг бағрикенглик, саховат ва меҳр-оқибат каби азалий қадриятлари аҳамиятини янада юксалтирмоқда”.

Қарорга мувофиқ, 2026 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби тасдиқланди.

Бу йилги Наврўзнинг муборак Рамазон ҳайитига ҳамоҳанг тарзда нишонланиши ушбу байрамларнинг инсонпарварлик тамойилларини янада юксалтиради. Бинобарин, шу кунлари “Меҳрибонлик”, “Саховат” ва “Мурувват” уйларида яшаётган шахслар ҳолидан хабар олинади.

Шунингдек, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида белгиланган тадбирлар амалга оширилади. “Мен ҳам кўчат экаман” акциялари, умумхалқ ҳашари ташкил этилади. Тошкент шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” мажмуасида алоҳида дастур асосида халқ сайли бўлиб ўтади.

Муҳими, байрам тадбирлари борлиқнинг уйғониши, инсон ва табиат ўртасидаги уйғунлик, она заминга меҳр ва эътиборни ифода этадиган, юртдошларимизни тинч ва осуда ҳаётимизни қадрлаб, сув ва ер ресурсларидан оқилона фойдаланиб, шукроналик туйғуси билан яшашга чорлайдиган таъсирчан мазмун ва шаклда ўтказилади. Бунда мамлакатимизда амалга оширилаётган туб демократик ислоҳотлар, халқимизнинг кундалик ҳаёти, онги ва дунёқарашида юз бераётган ижобий ўзгаришлар, ўзаро бирлик ва ҳамжиҳатлик фазилатлари Наврўз кунларида айниқса яққол намоён бўлишини тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилади.

Шу мақсадда Наврўз байрамини муносиб нишонлаш бўйича “Наврўзни улуғлаш – инсонни улуғлашдир!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маданий-маънавий ҳамда тарғибот тадбирлари дастури тасдиқланади ҳамда изчил амалга оширилади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech