Ўзбекистон делегацияси БМТнинг Хотин-қизлар ҳолати бўйича комиссиясининг 70-юбилей сессиясида иштирок этмоқда
АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтаётган БМТ Хотин-қизлар ҳолати бўйича комиссиясининг 70-юбилей сессиясида сенатор Гулнора Маруфова, Олий суд, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ раҳбарларининг ўринбосарларидан таркиб топган Ўзбекистон делегацияси иштирок этмоқда.
Ушбу нуфузли форумда БМТга аъзо давлатлар парламент аъзолари, халқаро ташкилотлар ва фуқаролик жамияти вакиллари қатнашмоқда.
Аёллар ва қизларнинг одил судловдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, аёлларнинг сиёсат ва иқтисодиётдаги иштирокини кенгайтириш, зўравонликка қарши курашиш, шунингдек, рақамли технологиялар ва сунъий интеллектнинг аёллар ҳуқуқларига таъсири БМТ юбилей сессиясининг асосий мавзусига айланди.
Сессиянинг тантанали очилиши маросимида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш аёллар ҳуқуқлари соҳасидаги бирон-бир ютуқ ўз-ўзидан пайдо бўлмаслигини – ҳар бир олдинга ташланган қадам фаоллар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва жамоат ҳаракатларининг узоқ давом этган кураши натижаси эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
“БМТ-аёллар” тузилмаси ижрочи директори Сима Бахус ўз чиқишида эса гендер тенгликни қўллаб-қувватловчи мамлакатларнинг ҳукуматлари ва ташкилотлари вазиятни яхши томонга ўзгартириш ва одамлар ҳаётини яхшилаш учун етарли даражада кучли таъсирга эга эканлигини қайд этди.
Анжуман доирасида барча аёллар ва қизларнинг одил судловга бўлган ҳуқуқини таъминлаш ва кенгайтиришга қаратилган қонунларга урғу берилди. Бу, биринчи навбатда, камситувчи қонунлар, сиёсат ва амалиётларни бартараф этиш ҳaмда тизимли тўсиқларни йўқ қилиш орқали инклюзив ва адолатли ҳуқуқий тизимларни шакллантиришни ўз ичига олади.
Ўзбекистон делегацияси аъзолари одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш, камситувчи қонунлар, сиёсат ва амалиётларни бартараф этиш, тизимли тўсиқларни бартараф этишга бағишланган юқори даражадаги интерактив мулоқотда ҳам иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекча
English
Русский