Қарорлар қабул қилиш жараёнларида хотин-қизлар иштирокини ошириш

14 апрель куни Боку шаҳрида Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш ҳузуридаги Хотин-қизлар кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбир “Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш маконида барқарор ривожланиш йўлида хотин-қизлар ўрнини кучайтириш” мавзусидаги халқаро анжуман доирасида ўтказилди. Йиғилишда ушбу Кенгашга аъзо давлатлар, халқаро ташкилотлар ва экспертлар ҳамжамиятининг юқори мартабали вакиллари иштирок этди.

Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш ҳузуридаги Хотин-қизлар кенгаши аъзо давлатларнинг гендер масалаларини илгари суриш ҳамда хотин-қизларнинг қарорлар қабул қилиш жараёнларидаги иштирокини кенгайтириш борасидаги ҳамкорлигини ривожлантириш, тажриба алмашиш ва саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштиришга йўналтирилган маслаҳат платформаси сифатида тузилди.

Биринчи йиғилишда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори ўринбосари Дилноза Муратова сўзга чиқиб, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш соҳасидаги миллий тажриба билан ўртоқлашди. У ўз нутқида гендер тенгликни таъминлаш, аёллар етакчилигини ошириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ҳаётдаги иштирокини кенгайтиришга қаратилган изчил давлат сиёсатининг аҳамиятини алоҳида таъкидлади.

“Хотин-қизларнинг қарорлар қабул қилишдаги иштирокини кенгайтириш – бу нафақат тенглик масаласи, балки жамиятларимизнинг барқарор ривожланиши, мустаҳкамлиги ва келажагига киритилган стратегик сармоядир”, – деб қайд этди Д. Муратова.

Йиғилиш иштирокчилари ҳамкорликнинг асосий йўналишлари, жумладан, барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашда хотин-қизлар ролини ошириш масалаларини кўриб чиқдилар. Шунингдек, аёллар тадбиркорлиги ва инновацияларини ривожлантириш, рақамли трансформацияда аёлларнинг иштирокини ҳамда экологик барқарорликка эришиш ва иқлим муаммоларини ҳал этишда хотин-қизларнинг ҳиссасини муҳокама қилдилар.

Учрашув якунлари бўйича Кенгаш доирасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан аъзо давлатларнинг келишилган ёндашувларини акс эттирувчи маслаҳат ҳужжати қабул қилинди.

Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш ҳузуридаги Хотин-қизлар кенгашининг тузилиши ва иш бошлаши мазкур Ташкилотнинг институтционал тараққиётида муҳим босқич бўлиб, Осиё минтақасида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини тизимли равишда илгари суриш учун янги уфқларни очади. Ушбу механизм ўзаро мулоқот қилиш, биргаликда ечимлар ишлаб чиқиш ва амалий ташаббусларни рўёбга чиқариш учун самарали платформага айланишига ишонч билдирилди.

Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашга аъзо давлатларнинг янги Кенгаш илк йиғилишида фаол иштирок этгани, ўз навбатида, улар барқарор тараққиёт, тинчлик ва хавфсизликнинг асосий омили сифатида хотин-қизлар ролини мустаҳкамлашга содиқ эканлигини тасдиқлайди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech