Бухоро: қийноққа қарши курашиш мавзусидаги ўқув курсида 73 нафар тингловчи қатнашмоқда
16 апрель куни Бухоро шаҳрида “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусида ўқув курси бошланди.
Икки кунлик ушбу машғулотларда Бухоро вилояти суди, прокуратураси, ички ишлар тизимидаги тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасаларидан жами 73 нафар ходим тингловчи сифатида иштирок этмоқда. Тадбирда асосий эътибор БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсияларини ҳисобга олган ҳолда, тингловчиларнинг қийноққа солишга қарши курашиш соҳасидаги билим ва амалий кўникмаларини шакллантиришга қаратилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов тадбирни очар экан, мамлакатимизда қийноқларга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг халқаро стандартлар билан уйғунлиги ҳақида атрофлича тўхталди. Ҳар бир шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари Конституцияда мустаҳкамлангани ва уларни ҳаётга татбиқ этиш барча давлат органлари учун устувор вазифа эканлиги таъкидланди.
Маърузаларда алоҳида урғу берилганидек, қийноққа қарши кураш – фақат юридик ёки ҳуқуқий вазифа эмас. Бу – инсоннинг қадр-қимматини ҳурмат қилиш, унинг шахсий дахлсизлигини таъминлашга қаратилган маънавий ва ахлоқий мажбуриятдир. Ҳар бир ходим фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида шахсан масъул ҳисобланади.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги машғулотлар Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги ҳамда 2021 йил 26 июндаги “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 3 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори доирасида ўтказилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский