КАШФИЁТЛАРНИ ҚАДРЛАЙЛИК
26 апрель – Халқаро интеллектуал мулк куни
Интеллектуал мулк — бу инсон ақл-заковати, ижодий меҳнати ва маҳорати натижасида яратилган маҳсулотларга бўлган ҳуқуқдир. Содда қилиб айтганда, бу «ғоялар ва ижод устидан эгалик ҳуқуқи» демакдир.
Бу тизим ижодкор ва ихтирочиларни ҳимоя қилади. Агар сиз бирор янгилик яратсангиз, ҳеч ким сиздан рухсат олмай туриб ундан фойдалана олмайди ёки у орқали пул тополмайди. Бу эса одамларни янги ғоялар устида ишлашга рағбатлантиради.
Қувонарлиси, мамлакатимизда интеллектуал мулк нафақат ҳимоя қилинмоқда, балки фаол яратилмоқда.
2025 йилнинг II чораги якунларига кўра, ихтирочилик соҳасида юқори натижалар қайд этилди. Фойдали моделларни рўйхатдан ўтказишда Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти (4 та), Тошкент давлат техника университети (3 та) ва Андижон давлат университети (3 та) етакчилик қилмоқда. Шунингдек, Андижон машинасозлик, Бухоро муҳандислик-технология, Қишлоқ хўжалигини механизациялаш ҳамда Минерал ресурслар институтлари томонидан ҳам салмоқли илмий ишланмалар рўйхатга олинди.
Ҳар йили 26 апрелда бутун дунё бўйлаб Халқаро интеллектуал мулк куни кенг нишонланади. Ушбу сана инсоният тафаккури маҳсули бўлган ихтиролар, бадиий асарлар, товар белгилари ҳамда дизайнларнинг жамият тараққиётидаги беқиёс ўрнини эътироф этиш мақсадида белгиланган. Бугунги шиддат билан ривожланаётган дунёда мамлакатларнинг қудрати нафақат табиий бойликлари, балки инсон капитали ва унинг маҳсули бўлган интеллектуал мулки билан ўлчанмоқда.
Бу кун 2000 йилда Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (ЖИМТ) Бош ассамблеяси томонидан таъсис этилган. Айнан шу сананинг танланиши бежиз эмас. Чунки 1970 йилнинг 26 апрелида ЖИМТни ташкил этиш тўғрисидаги конвенция кучга кирган. Ҳар йили ушбу сана маълум бир глобал шиор остида нишонланиб, интеллектуал мулкнинг инсон ҳаётидаги аҳамияти тарғиб қилинади.
Интеллектуал мулкни кундалик ҳаётимизнинг кўзгуси сифатида эътироф этишимиз мумкин.
Зеро, интеллектуал мулк шунчаки ҳуқуқий термин эмас.
Бу бизнинг ҳаёт сифатимизни белгиловчи омилдир. Мисол сифатида биз қуйидаги омилларни кўришимиз мумкин.
-
Саломатлик: биз истеъмол қилаётган дори-дармонларнинг хавфсизлиги ва самарадорлиги.
-
Технология: биз фойдаланаётган техника воситаларининг тежамкорлиги ва қўлимиздаги смартфонларнинг имкониятлари.
-
Маданият: биз тинглаётган мусиқа, томоша қилаётган илм ва мутолаа қилаётган китобларимизнинг қадри.
Бугунги тезкор замонда инсоннинг ақл-у заковати билан турмуш тарзимизни енгиллаштиришга қаратилган кўплаб ихтиролар яратилдики, уларсиз ижтимоий ҳаётни тасаввур қилиб бўлмайди. Умуман олганда, интеллектуал мулкнинг бугунги кундаги ўрни, аҳамияти, шу билан бирга, унга бўлган талаб ҳам кучаймоқда.
Шу боис интеллектуал мулкка бўлган эҳтиёж ва унинг қадри йилдан-йилга ошиб бормоқда. Яратилаётган интеллектуал мулк объектларини ҳимоя қилиш ҳозирда энг долзарб масалалардан бирига айланди. Айниқса, телекоммуникация ва интернет тармоқларининг жадал ривожланиши натижасида муаллифлик асарларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари тобора ортиб бормоқда. Бу эса ижодкорлар ва ҳуқуқ эгаларининг қонуний манфаатларига жиддий зарар етказиб, уларнинг меҳнати етарлича қадрланмаслигига олиб келмоқда.
Шу нуқтаи назардан, бугунги кунда соҳа мутахассислари олдида бир қатор муҳим вазифалар турибди. Энг аввало, муаллифларнинг ўз меҳнати натижасидан моддий ва маънавий наф олишини таъминлаш орқали ҳуқуқий кафолатларни мустаҳкамлаш зарур. Айниқса, иқтисодиёти ривожланаётган мамлакатларда ихтирочилик ва ижодкорликни рағбатлантириш учун қулай ижодий муҳит яратиш муҳим аҳамият касб этади.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда интеллектуал мулк соҳасига давлат даражасида алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, мамлакатимиз Президентининг ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилишга қаратилган қатор қарорлари қабул қилинди. Бу ҳужжатлар соҳада ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон муаллифлик ҳуқуқи соҳасида ўнга яқин халқаро шартнома ва конвенцияларга қўшилиб, миллий маҳсулотларни халқаро миқёсда ҳимоя қилиш имкониятларини кенгайтирди. Шу билан бирга, «Интеллектуал мулк — жамиятнинг бебаҳо бойлиги» тамойили асосида соҳани рақамлаштириш ва халқаро стандартларга мослаштириш ишлари изчил олиб борилмоқда.
Адлия вазирлигининг контрафакт маҳсулотлар каталоги маълумотларига кўра, 2025 йилнинг якунига кўра вазирлик ва ҳудудий адлия органлари томонидан ўтказилган ўрганишлар натижасида бозорлардаги кўплаб ноқонуний ҳолатларга чек қўйилди.
Хусусан, 18 номдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, 8 номдаги шахсий гигиена ва парфюмерия маҳсулотлари, 5 номдаги дори воситалари ҳамда 4 номдаги трикотаж маҳсулотлари бўйича контрафакт маҳсулотлар аниқланиб, уларнинг ноқонуний айланмасига нисбатан тегишли чоралар кўрилди.
Сўнгги вақтларда рақамли маконда муаллифлик ҳуқуқларининг бузилиши, айниқса, кино ва мусиқа асарларидан рухсатсиз фойдаланиш ҳолатлари бўйича Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаси билан баённомалар расмийлаштирилиб, суд қарорига асосан айбдорларга нисбатан жарима жазолари тайинланяпти.
Жумладан, шоирларнинг рухсатисиз уларнинг шеърлари асосида қўшиқ ижро этган бир қатор хонандаларга нисбатан ҳам чоралар кўрилди.
Ҳар қандай интеллектуал меҳнат маҳсули қонун ҳимоясидадир. Бу каби ҳуқуқий чоралар жамиятда муаллифлик маданиятини шакллантириш ва ижодкорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоялашга хизмат қилади.
Ушбу халқаро кунни нишонлаш орқали ижодкорлар меҳнатини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қилиш, инновацияларни рағбатлантириш воситасида янги технологиялар яратилиши учун қулай ҳуқуқий ва иқтисодий муҳитни шакллантириш мақсад қилинган. Шунингдек, жамиятда интеллектуал мулкка нисбатан ҳурмат маданиятини ошириш кўзда тутилган.
Интеллектуал мулк куни фақат соҳа мутахассисларининг байрами эмас. Бу келажакни ўзгартиришга қодир бўлган ҳар бир ижодкор шахс, изланувчи олим ва тадбиркорнинг байрамидир. Келинг, атрофимиздаги янги ғояларни қадрлайлик ва уларни ҳимоя қилиш орқали умумий тараққиётимизга ҳисса қўшайлик!
Ҳамидулло МЎМИНОВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази бўлим
бошлиғи.
«Постда» газетасининг 2026 йил 23 апрель кунги 17 (4763)-сони
Ўзбекча
English
Русский