Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга қаратилган қарор
Жорий йил 24 апрелда Вазирлар Маҳкамасининг «2026-2027 йилларда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Бундан мақсад Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 майдаги «Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш ҳамда жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини такомиллаштириб бориш орқали аҳолининг барча қатламларининг ҳуқуқий саводхонлигига эришишдир.
Қарор билан 2026-2027 йилларда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича чора-тадбирлар дастури (Дастур) тасдиқланди.
Дастур доирасида “Онлайн-маҳалла” платформаси ва “маҳалла еттилиги” кўмагида аҳоли муаммоларини таҳлил қилиб, долзарб масалаларга қонуний ечимлар берувчи содда медиа материаллар (аннотация, видео, инфографика, буклетлар) ишлаб чиқилади.
Йил якунида аҳолининг мурожаатлари асосида “ТОП-100 ҳуқуқий тавсия” тўплами шакллантирилиб, видео, инфографика ва подкастлар тайёрланади. Янги қонунчилик ҳужжатларини мутахассислар иштирокида интервью, подкаст ва видеолар орқали содда тушунтирувчи материаллар “АдлияТВ”да жойлаштирилади.
Қарорда белгиланганидек:
-
давлат органлари ва ташкилотларида ўз фаолияти соҳасига оид ҳуқуқий ахборотларни аҳолига етказиш фаолиятини ташкил қилиш ҳамда мувофиқлаштиришга масъул бўлинмалар белгиланади;
-
давлат органлари ва ташкилотлари томонидан қонунчилик ҳужжатлари ҳамда ислоҳотлар мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш даражаси ва сифати улар фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш мезонларидан бири ҳисобланади;
-
Дастурда белгиланган чора-тадбирлар ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли амалга оширилиши ҳамда натижаси бўйича маълумотлар ҳар чорак якунида Адлия вазирлигига тақдим этиб борилиши учун тегишли давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари шахсан жавобгар ҳисобланади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский