Миллий марказ ва Одил судлов академияси ўртасида ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланди

30 апрель куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни имзолаш маросими бўлиб ўтди. Унда Одил судлов академияси профессор-ўқитувчилари ва тингловчилари, Миллий марказ ходимлари ва докторантлари иштирок этди.

 Тадбирни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори академик Акмал Саидов очар экан, мазкур Меморандумни имзолашдан кўзланган мақсад-вазифалар ҳақида мухтасар тўхталди.

Бунда, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси ўқув дастурлари, ўқув-методик ва норматив материалларини ишлаб чиқишда, янги авлод судьялари ва суд тизими ходимлари фаолиятида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни амалга оширишда, қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришга доир илмий асосланган хулоса ва тавсиялар ишлаб чиқишда яқиндан ҳамкорликни амалга ошириш асосий мақсад ҳисобланиши таъкидланди.

Одил судлов академияси курсларида “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари”, “Бола ҳуқуқлари”, “Ички ишлар органлари фаолиятига оид инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар” ўқув модулларини ўқитиш тизимини жорий этиш, ўқув жараёнига замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини, масофавий таълимни, ўқитиш ва тренингларнинг интерфаол ҳамда муаммоли-вазиятли услубларини кенг жорий этиш каби масалалар ҳақида ҳам сўз юритилди.

Меморандумни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ва Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси ректори Шерзод Абдуқодиров имзоладилар.

Тадбир доирасида Вазирлар Маҳкамасининг 2020-2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастури ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ҳам ўзаро фикр алмашилди. Бу борада кутубхоналар фаолиятини янада ривожлантириш, айниқса, муҳим эканига эътибор қаратилди.

Мулоқот якунида Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси кутубхонаси фонди учун Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан нашр эттирилган 190 дан ортиқ ҳуқуқий адабиёт ва қўлланмалар тақдим этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти директори Мурод Турғунов иштирок этди ҳамда сўзга чиқди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech