Миллий марказ ходимлари Ислом цивилизацияси марказини зиёрат қилдилар
29 апрель куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ходимлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини зиёрат қилдилар. Ушбу маърифий саёҳат Миллий марказнинг Касаба уюшмаси қўмитаси ташаббуси билан ташкил этилди.
Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 15 майдаги “2025–2026 йилларда сайёҳлар оқимини кескин кўпайтириш ва туристик хизматлар кўламини жадал кенгайтириш орқали туризмнинг иқтисодиётдаги ўрни ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида амалга оширилди.
Президентимиз таъбири билан айтганда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази нафақат ўтмиш ҳақида ҳикоя қиладиган, балки тарих, бугун ва келажакни боғлайдиган, тараққиётимизнинг асосий йўналишларини белгилаб берадиган ақл-тафаккур марказидир. Давлатимиз раҳбарининг ғояси ва ташаббуси асосида барпо этилган ушбу муаззам маскан Ўзбекистоннинг бой маърифий салоҳияти, тарихи, илмий-маънавий, маданий меросини ўзида мужассам этгани билан диққатга сазовор.
Шонли тарихимиз ва Янги Ўзбекистон ўртасидаги кўприк бўлган ушбу масканда ҳамкасбларимиз бой маънавий ва илмий меросни мамлакатнинг замонавий интилишлари билан боғлайдиган жараёнлар билан танишдилар. Хусусан, Ислом цивилизацияси марказининг Шон-шараф зали, Қуръони Карим зали, Исломдан аввалги давр цивилизациялари бўлими бўлган Сўғд зали, “Бағрикенглик” майдонини томоша қилдилар.
Миллий марказ ходимлари, шунингдек, Шон-шараф залида жойлашган 14 та равоқда Марказий Осиё халқлари тарихидаги муҳим воқеалар тасвирлангани гувоҳи бўлдилар. Бу ерда замонавий технологиялар тарихни жонли мулоқотга айлантирганини кўриб, ҳайратландилар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан яратилган рақамли платформада эса юздан ортиқ буюк мутафаккир ва олимларнинг экранларда “жонланиб”, ўз ғоялари ва кашфиётлари ҳақида сўзлаганлари барчада унутилмас ва ёрқин таассурот қолдирди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский