“Хитой – Марказий Осиё – 2026” инсон ҳуқуқларини ривожлантириш форуми якунлари бўйича “Тошкент ташаббуси” қабул қилинди
Пойтахтимизда 14 май куни “Хитой – Марказий Осиё – 2026” инсон ҳуқуқларини ривожлантириш форуми бўлиб ўтди. Халқаро анжуман Хитойнинг Инсон ҳуқуқларини ривожлантириш жамғармаси ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ташкил этилди.
Форум “Юқори сифатли ривожланиш орқали инсон ҳуқуқлари соҳасидаги тараққиётни биргаликда илгари суриш” мавзусига бағишланди. Унинг ишида Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистоннинг етакчи экспертлари, илмий, давлат ҳамда ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди.
Тадбир ниҳоясида якуний ҳужжат – “Тошкент ташаббуси” қабул қилинди. Унда томонларнинг инсон ҳуқуқлари, барқарор ривожланиш ва гуманитар ҳамкорлик соҳаларидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга бўлган умумий интилиши мустаҳкамланди.
Форум БМТнинг Ривожланиш ҳуқуқи тўғрисидаги декларацияси 40 йиллиги нишонланаётган йилда ўтказилиши алоҳида аҳамият касб этди. Шу муносабат билан иштирокчилар ривожланиш ҳуқуқи инсоннинг фундаментал ҳуқуқларидан бири эканини, барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиш эса инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг энг муҳим шарти эканлигини тасдиқладилар.
“Тошкент ташаббуси”да аҳоли турмуш сифатини ошириш, камбағалликни қисқартириш, таълим, соғлиқни сақлаш, транспорт, қишлоқ хўжалиги, яшил энергетика ва бандликни ривожлантириш мақсадида Хитой ҳамда Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.
Форум иштирокчилари экология ва иқлим ўзгариши масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Ҳужжатда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, биохилма-хилликни асраш, “яшил” ва кам углеродли ривожланишни илгари суриш, шунингдек, фуқароларнинг қулай атроф-муҳитга ва соғлиқни сақлашга бўлган ҳуқуқини таъминлаш борасидаги биргаликдаги саъй-ҳаракатлар муҳимлиги таъкидланди.
Рақамли технологияларни ривожлантириш ҳамда сунъий интеллектдан инсон манфаатлари йўлида фойдаланиш ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида белгиланди. Форум қатнашчилари рақамли тафовутни қисқартириш, янги технологияларни қўллашнинг салбий оқибатлари олдини олиш ҳамда улардан хавфсиз ва масъулиятли фойдаланишни таъминлаш зарурлигини қайд этди.
Шунингдек, минтақа давлатларининг тарихий, маданий ва ижтимоий хусусиятларини инобатга олган ҳолда, инсон ҳуқуқларини ривожлантиришнинг миллий моделларини қўллаб-қувватлаш муҳимлиги тасдиқланди. Томонлар цивилизациялараро мулоқотни мустаҳкамлаш ва гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш тарафдори эканини билдирди.
Ҳужжатда Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитойнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари, жамоат ташкилотлари, университетлари, таҳлилий марказлари, оммавий ахборот воситалари, ишбилармон доиралари ҳамда ёшлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш назарда тутилди.
Форум иштирокчилари инсон ҳуқуқлари соҳасида мулоқот қилиш, тажриба алмашиш ва биргаликдаги ёндашувларни ишлаб чиқиш учун доимий халқаро платформа сифатида “Хитой – Марказий Осиё” форумининг институционал ривожланишига кўмаклашишга тайёр эканини тасдиқладилар.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский