Янги Ўзбекистон – 2025 йилда: инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик натижалари

Ўзбекистон 2025 йилда халқаро майдонда фаол ташаббускор давлат сифатида ўз мавқеини янада мустаҳкамлади. Хусусан, БМТ Бош Ассамблеясида Ўзбекистон ташаббуси билан 4 та  муҳим резолюция қабул қилинган бўлиб, улар глобал муаммоларни ҳал этиш, инсон хавфсизлиги, экология ва барқарор ривожланиш мақсадларига қаратилди.

Ўзбекистоннинг халқаро нуфузи ва глобал ҳамкорликдаги фаол иштироки мустаҳкамланди.  Ўзбекистон ва унинг вакиллари қатор нуфузли халқаро тузилмалар таркибига сайланди.  Хусусан:

  • Ўзбекистон илк бор 2026–2029 йиллар даври учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Статистика комиссияси таркибига киритилди; 

  • Ўзбекистон Жаҳон мероси тўғрисидаги конвенция иштирокчи давлатларининг 25-Бош Ассамблеясига раислик қилиш ҳуқуқини қўлга киритди;

  • БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Кенгаши таркибига сайланди;

  • Ўзбекистон вакили Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Мустақил доимий комиссияси аъзолигига сайланди.

Мазкур сайловлар Ўзбекистонга глобал миқёсдаги муҳим қарорларни қабул қилиш жараёнларида бевосита иштирок этиш, халқаро ташаббусларни илгари суриш ҳамда миллий манфаатларни ҳимоя қилиш имконини беради. Шунингдек, инсон ҳуқуқлари, статистика, маданий меросни муҳофаза қилиш ва озиқ-овқат хавфсизлиги каби устувор йўналишларда халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларни  халқаро нуфузи ва институционал имкониятлари сезиларли даражада мустаҳкамланди. Жумладан, Ўзбекистон бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишда глобал ташаббусларнинг фаол иштирокчисига айланди.

Ўзбекистон Ҳукумати 2025 йилда Богота ҳаракатга чорловини қўллаб-қувватлаб, болаларга нисбатан зўравонликни тугатиш бўйича 10 йиллик мажбуриятни олди ва Pathfinding халқаро альянсига аъзо бўлди. Ўзбекистон болалар ҳуқуқи ва хавфсизлигини муҳофаза қилиш йўлида муҳим қадам ташлаб, болаларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш бўйича Глобал иттифоққа қўшилган 46-давлат бўлди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили  (Омбудсман) Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг Осиё-тинч океани форумига аъзо бўлди.

Ўзбекистонда амалга оширилаётган инсонпарвар ва ижтимоий йўналтирилган сиёсат, шунингдек, инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган изчил ислоҳотлар халқаро ижтимоий-иқтисодий ҳамда ҳуқуқий рейтинг ва индексларда ўзининг ижобий ифодасини топмоқда.

Жумладан, Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (WIPO) томонидан Портуланс институти (АҚШ), турли корпоратив ва академик тармоқ ҳамда Глобал инновация индекси маслаҳат кенгаши билан ҳамкорликда тайёрланган Глобал инновация индексининг 2025 йилги натижаларига кўра, Ўзбекистон 139 та мамлакат ичидан 79-ўринни эгаллади. Мамлакатимиз 2020 йилда 93-ўрин, 2021 йилда 86-ўрин, 2022 йилда 82-ўрин, 2023 йилда 82-ўрин ва 2024 йилда 132 та мамлакат орасида 83-ўринлардан жой олган.

Жаҳон банкининг 2026 йилги “Аёллар, бизнес ва қонун” индекси ҳисоботига кўра, Ўзбекистон ўз ўрнини 43 поғонага яхшилаб, 100 баллдан 82,1 балл билан 190 та давлат орасида 48-ўринни эгаллади. Хусусан, аёлларнинг иқтисодий фаолиятини қўллаб-қувватлаш йўналишида Ўзбекистон топ-5 давлат қаторига киритилди. Ҳисоботда амалга оширилган қатор тизимли ислоҳотлар ижобий баҳоланди.

Давлат харидлари тизимида гендерга йўналтирилган қоидалар жорий этилди, қонунчиликка аёллар тадбиркорлигини рағбатлантирувчи нормалар киритилди. Шунингдек, ижтимоий ҳимоя ва меҳнат соҳасидаги айрим чекловлар қайта кўриб чиқилди.

Натижада мамлакатимиз индекснинг “Эркинлик”, “Оила”, “Меҳнатга ҳақ тўлаш”, “Бола парвариши” ҳамда “Мулк ва мерос” индикаторлари бўйича максимал 100 балл тўплади. Шунингдек, “Меҳнат” индикаторида кўрсаткичлар 50 баллдан 91,75 баллга, “Пенсия” индикаторида эса 50 баллдан 66,75 баллгача ошди.

Барқарор ривожланиш ечимлари тармоғи (Sustainable Development Solutions Network – SDSN) томонидан эълон қилинган 2025 йил учун Барқарор ривожланиш Ҳисоботи рейтингида Ўзбекистон 73 балл билан 62-ўринни эгаллади (қарийб 45 фоиз мақсадларга эришилган ёки эришиш жараёнида). Шунингдек, мамлакатимиз 2024 йилга нисбатан 19 поғона юқорилади ва Марказий Осиё ҳамда Шарқий Европа мамлакатлари орасида 2015 йилдан бери энг тез ўсаётган мамлакат сифатида эътироф этилди.

 

Манба: 2025 йилда Ўзбекистон Республикасида инсон

ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга риоя

қилинишининг ҳолати тўғрисида ахборот. – Т.: Инсон

ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази,

2026. –  84 б.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech