Янги Ўзбекистонда оилани ҳимоя қилишнинг халқаро стандартларга жавоб берадиган мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори яратилди
19 май куни пойтахтимизда “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти томонидан “Янги Ўзбекистонда фаровон оила модели: миллий тажриба, илмий таҳлил ва инновацион ёндашувлар” мавзусида халқаро конференция ўтказилди. Анжуман Халқаро оила куни ва “Оиламиз – келажагимиз” ойлиги доирасида ташкил этилди.
Конференцияда асосий эътибор Янги Ўзбекистонда оила институтининг барқарор ривожланишини таъминлаш, замонавий ҳуқуқий-институционал механизмлар, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект имкониятлари негизида фаровон оила моделининг илмий-назарий ҳамда амалий асосларини такомиллаштириш масалаларига қаратилди. Анжуман глобал трансформация жараёнларида миллий оилавий қадриятларни сақлаш ва мустаҳкамлаш, демографик барқарорликни таъминлаш, репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш ҳамда гендер тенглик ва оила–иш мувозанатини қўллаб-қувватлашга қаратилган инновацион ёндашувларни илмий мулоқот майдонида бирлаштириш имконини берди.
Халқаро анжуманда 10 дан ортиқ хорижий эксперт, оила соҳасида фаолият юритаётган 80 дан зиёд олим, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этди. Шунингдек, 20 нафар миллий ҳамда 12 нафар хорижий ва халқаро ташкилотлар эксперт ва мутахассислари ўз маъруза ва тақдимотлари билан қатнашди.
Конференциянинг очилишида, жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси аъзоси академик Акмал Саидовнинг видеомурожаати тингланди. А.Саидов Янги Ўзбекистонда 10 миллион 200 мингта оила мавжудлигига эътиборни қаратар экан, оила жамиятнинг оддий бир бўғини эмас, балки давлатнинг пойдевори, миллий ўзликнинг асоси ва барқарор ривожланишнинг муҳим таянчи эканлигини алоҳида қайд этди.
А.Саидов таъкидлаганидек, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида оила "жамиятнинг табиий ва асосий бўғини" деб эълон қилинган бўлиб, у давлат ҳимоясида бўлиш ҳуқуқига эга. Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция, Оила ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги конвенция – бу халқаро-ҳуқуқий воситаларнинг барчаси оилани ҳимоя қилиш бўйича миллий қонунчиликнинг пойдеворини ташкил этади.
Бугунги кунда ушбу халқаро мезонлар давлатимизнинг ҳуқуқий тизимида ўз мужассамини топган. Хусусан, 2023 йилда янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясида оила ҳуқуқлари кафолатлари сезиларли даражада мустаҳкамланди.
Асосий Қонунимизнинг 42-моддасида ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланган. Ўз навбатида, Конституциямизнинг 58-моддасида жамият ва давлат ишларини бошқаришда хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлари мустаҳкамланган.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон тизимли ислоҳотларни амалга ошириб, оилани ҳимоя қилишнинг халқаро стандартларга жавоб берадиган мустаҳкам ҳуқуқий пойдеворини яратди. Асосий ютуқлар орасида қуйидагиларни алоҳида кўрсатиш ўринли, яъни:
-
2019 йилда "Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонун қабул қилиниши натижасида – ҳимоя ордерлари, жабрланганларга бепул юридик, психологик ва тиббий ёрдам жорий этилди; 2023 йилда Жиноят кодексининг 126-1-моддасига киритилган ўзгартиришлар асосида уйдаги зўравонлик жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши кўзда тутилди, жинсий шилқимлик ва таъқиб учун ҳам жавобгарлик жорий этилди. Ушбу чора-тадбирлар БМТнинг Аёлларга нисбатан камситишларга барҳам бериш қўмитаси (CЕДАW) тавсияларига бевосита мос келади.
-
2024 йилда қабул қилинган "Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонун билан жисмоний жазолар тақиқланди, болалар учун ҳимоя ордерлари жорий этилди ҳамда болаларга бепул ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш кафолатланди. Қонунни ишлаб чиқишда БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси мулоҳазалари инобатга олинди.
-
2025 йил 1 мартдан бошлаб ёлғиз оналар/оталарга 3 ёшгача бўлган бола учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 бараваригача миқдорда тўлов тарзидаги молиявий ёрдам жорий этилди. Кам таъминланган оилалардан бўлган ёлғиз оналар болалар боғчасига бориш учун ёрдам олишлари, шунингдек, кам таъминланган оилалардан бўлган талаба қизлар ўқиш учун тўлов, стипендиялар ва грантлар олишлари мумкин.
Фаровон оила – нафақат давлат сиёсатининг мақсади, балки мамлакатимизда амалга оширилаётган тизимли ва қамровдор ислоҳотлар муваффақиятининг асосий мезонидир, – деди пировардида А.Саидов. – Оила мустаҳкам бўлса, давлат мустаҳкам ва халқимиз фаровон бўлади, миллатимиз равнақ топиб, Ватанимиз барқарор тараққиётга эришади. Сўнгги йиллардаги ислоҳотлар самаралари шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистон тўғри йўналишда – халқаро стандартлар асосида ва ўз тажрибасига таянган ҳолда изчил ҳаракат қилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский