Академиклар Акмал Саидов ва Қаландар Абдураҳмонов – Қашқадарёда
25 май куни Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиклари – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, юридик фанлар доктори, профессор Акмал Саидов билан Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиали директори, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Қаландар Абдураҳмонов Чироқчи туманига ташриф буюрдилар.
Маълумки, таниқли ўзбек иқтисодчи олими Қаландар Абдураҳмонов 1946 йилда Қашқадарё вилоятининг ушбу туманида туғилган. Ўтган даврда фидойи олим Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Самарқанд давлат университети ҳамда Чироқчи туманидаги 1-сонли мактабда “Инсон капитали ва сунъий интеллект” илмий мактабига асос солган.
Ташриф давомида академиклар А.Саидов ва Қ.Абдураҳмонов ана шу мактабда бўлдилар. Қаландар ака туғилиб-ўсган қишлоқда бўлиб, маҳалла фаоллари ва олимнинг яқин қариндошлари билан самимий суҳбатлашдилар.
Эртага, 26 май куни академиклар “Абдулла Орипов ва Қаландар Абдураҳмонов” номидаги илмий-тадқиқот марказининг тантанали очилишида иштирок этиш учун Шаҳрисабзга борадилар. Мазкур илмий-тадқиқот маркази ёш авлодни миллий маънавият, адабиёт, илм-фан ва тафаккур анъаналари руҳида тарбиялаш, буюк сиймолар меросини чуқур ўрганиш ҳамда тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский