Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Хотин-қизларнинг трансчегаравий ҳамкорликда иштирокини кенгайтиришга бағишланган минтақавий семинар

2026 йил 22–23 июль кунлари Бишкек шаҳрида “Марказий Осиёда трансчегаравий ҳамкорликда аёллар иштирокини кенгайтириш ва гендер жиҳатларини жорий этиш” мавзусида минтақавий семинар бўлди. Тадбир Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида Марказий Осиёда чегараларни бошқаришга кўмаклашиш дастури доирасида ташкил этилди.

Семинар ишида Марказий Осиё мамлакатлари – Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистоннинг давлат органлари ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари вакиллари, шунингдек, халқаро ҳамкорлар ва экспертлар қатнашди. Ўзбекистон Республикаси номидан – Божхона қўмитаси, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази вакилларидан иборат делегация иштирок этди.

Иштирокчиларнинг асосий эътибори тегишли идоралар фаолиятига гендер ёндашувни интеграция қилиш, чегараларни бошқариш ва минтақавий хавфсизликни таъминлаш соҳасида хотин-қизларнинг иштирокини кенгайтириш, шунингдек, миллий ва минтақавий миқёсда илғор тажриба ҳамда олинган сабоқлар билан алмашиш масалаларига қаратилди.

Иштирокчилар давлат муассасалари фаолиятига гендер ёндашувни жорий этиш бўйича илғор тажриба ва олинган сабоқларга бағишланган миллий тақдимотлар билан сўзга чиқдилар.

Семинар якунида Марказий Осиёда барқарор ривожланиш ва хавфсизликнинг ажралмас қисми сифатида минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда гендер тенглик масалалари бўйича мулоқотни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Nashr sanasi 29.07.2026 Ko'rishlar 112
Ulashish