2026 йил 9 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги «Azimut Grand» меҳмонхонасида «Ўзбекистонда бизнес ва инсон ҳуқуқлари бўйича биринчи Миллий мулоқот: истиқбол сари йўл очиш» мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Миллий мулоқот Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва БМТ Тараққиёт дастурининг (БМТТД) «Бизнес ва инсон ҳуқуқлари» қўшма лойиҳаси доирасида ташкил этилди.
Гибрид форматда ўтказилган тадбирда давлат органлари, Олий Мажлис палаталари, ишчилар ва иш берувчилар ташкилотлари, тадбиркорлар, илмий муассасалар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Мулоқотни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов ва БМТТДнинг Ўзбекистондаги Доимий вакили Акико Фужии очиб берди. А. Саидов ўз сўзида БМТнинг Бизнес ва инсон ҳуқуқлари бўйича етакчи тамойиллари, Европа Иттифоқининг корпоратив барқарорлик бўйича янги талаблари ва уларнинг ўзбек экспортчиларига таъсири ҳақида тўхталди.
«Хорижий инвестор ва харидор бугун маҳсулот нархи ва сифати билан бирга унинг қандай шароитда ишлаб чиқарилганини ҳам сўрайди», – деди ўз сўзида академик А. Саидов.
Миллий марказ директори Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича музокаралари ҳамда 2026 йилда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг Халқаро инвестициялар ва трансмиллий корхоналар тўғрисидаги декларациясига қўшилиш жараёнини бошлаш ҳақидаги мурожаатини эслатди. Шунингдек, у Миллий марказ томонидан ишлаб чиқилган Бизнес ва инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий ҳаракатлар режаси лойиҳаси ҳақида маълумот берди.
Биринчи сессияда бизнес ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги глобал ва минтақавий тенденциялар, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг масъулиятли бизнес юритиш стандартлари ҳамда уларнинг савдо, инвестициялар ва таъминот занжирлари учун аҳамияти муҳокама қилинди. Сессияда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ҳам сўзга чиқди.
Иккинчи сессияда БМТТД буюртмаси билан тайёрланган Миллий базавий баҳолаш натижалари тақдим этилди. Баҳолашга кўра, Ўзбекистонда бу соҳа учун зарур унсурлар мавжуд, бироқ улар ҳали яхлит миллий тизимга бирлашмаган. Қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва ишлаб чиқариш тармоқларида меҳнат ҳуқуқлари, атроф-муҳит ва маҳаллий жамоалар билан боғлиқ хавфлар сақланиб қолмоқда.
Тушдан кейинги муҳокамалар давлатнинг бизнес билан боғлиқ инсон ҳуқуқлари бузилишидан ҳимоя қилиш мажбурияти ҳамда компанияларнинг тегишли текширув орқали инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш масъулиятига бағишланди.
Учинчи сессияда Миллий марказ, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги вакиллари сўзга чиқди.
Мулоқот якунида иштирокчилар кейинги ҳамкорлик учун устувор йўналишларни ва навбатдаги Бизнес ва инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий ҳаракатлар режасини тайёрлаш сари қадамларни муҳокама қилди. Мулоқот натижалари Миллий марказ ва БМТТД томонидан умумлаштирилади.
Тадбир доирасида 10 ноябрь куни давлат органлари ва фуқаролик жамияти ташкилотлари вакиллари учун инсон ҳуқуқлари бўйича зарур даражадаги текширув масалаларига бағишланган бир кунлик тренинг, 11–13 ноябрь кунлари эса бизнес вакиллари учун уч кунлик тренинг ўтказилади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
