Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Пекин форуми: Сунъий интеллект ва цивилизациялар ҳамжиҳатлиги

2026 йил 7–8 ноябрь кунлари Пекин цивилизациялар форуми ўз ишини шўъба мажлислари ва симпозиумлар доирасида давом эттирди. Пекин университети шафелигидаги халқаро мулоқот майдонида жадал ўзгараётган дунё, рақамли технологияларнинг шиддатли тараққиёти ҳамда сунъий интеллектнинг инсон ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларига кириб бориши шароитида турли цивилизациялар қандай қилиб ҳамжиҳат яшаши ва бир-бирини бойитиши мумкинлигига оид мавзу ва тадқиқотлар муҳокама қилинди.

Технология, гегемонлик ва цивилизацияларнинг ўзаро бойиши масалаларига бағишланган муҳокамаларда глобаллашув жараёни чуқур ўзгаришларни бошдан кечираётгани таъкидланди. Бир томондан, илғор технологиялар мажмуаси — сунъий интеллект, квант ҳисоблашлари, биотехнологиялар ва янги энергетика иқтисодий, ҳарбий ҳамда ижтимоий тузилмаларни мисли кўрилмаган суръатда ўзгартирмоқда. Ушбу технологиялар давлатларнинг умумий қудратини белгиловчи асосий омилларга ҳамда буюк давлатлар ўртасидаги рақобат ва гегемонлик учун курашнинг янги ўчоқларига айланди.

Бошқа томондан эса инсоният олдида турган хавф-хатарлар, жумладан, иқлим ўзгариши, зиддият ва инқирозлар, шунингдек, рақамли тенгсизлик технологияларни бошқариш ҳамда билим алмашиш борасида маданиятлараро кенгроқ ҳамкорликни қатъий талаб этмоқда. Бундай шароитда "цивилизацияларнинг бир-бирини бойитиши" концепцияси тобора долзарб аҳамият касб этмоқда.

Технологик тараққиёт қайсидир бир цивилизациянинг мутлақ манфаатларига хизмат қилмаслиги керак. Аксинча, у турли цивилизациялар ўртасида тенг ҳуқуқли мулоқот ўрнатиш ва инсониятнинг умумий муаммоларини биргаликда ҳал этиш учун кўприк вазифасини ўташи лозим.

Сессия йиғилишида Германия, Италия, Испания, Ўзбекистон экспертлари, шунингдек, Хитойнинг етакчи таълим ва илмий-таҳлилий муассасалари вакилларининг маърузалари тингланди. Жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилло Тиллабоев сўзга чиқди.

Миллий марказ вакили Ўзбекистоннинг сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ҳамда миллий саъй-ҳаракатлари, 2030 йилгача Сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш борасидаги маълумотларни тақдим этди. Миллий қонунчиликда сунъий интеллектнинг ҳуқуқий таърифи мустаҳкамлангани ҳамда инсон ҳуқуқларини камситувчи автоматлаштирилган қарорларга нисбатан тақиқ жорий этилгани алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистонда сунъий интеллект технологияларини қўллаш алоҳида лойиҳаларни амалга оширишдан тизимли фойдаланиш босқичига ўтмоқда. Сунъий интеллект асосидаги дастурий маҳсулотлар ва хизматлар ҳажмини 1,5 миллиард долларга етказиш, илмий лабораториялар ташкил этиш ҳамда мамлакатнинг Сунъий интеллектга тайёрлик индекси бўйича дунёнинг етакчи 50 та давлати қаторига киришини таъминлаш юзасидан чоралар кўрилди.

Йиғилиш иштирокчиларига Ўзбекистон Президентининг БМТ ҳамда Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш минбарларида сунъий интеллектдан масъулиятли фойдаланиш бўйича илгари сурган ташаббуслари, шунингдек, мамлакатимизнинг Сунъий интеллект соҳасида ҳамкорлик бўйича жаҳон ташкилотига (WAICO) аъзолиги ва сунъий интеллект этикаси соҳасидаги илмий тадқиқотлар учун Абу Райҳон Беруний номидаги ЮНЕСКО — Ўзбекистон халқаро мукофоти таъсис этилгани ҳақида маълумот берилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Nashr sanasi 10.11.2026 Ko'rishlar 40
Ulashish