Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Ўзбекистон ва Хитой ўртасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорлик кенгаймоқда

6 ноябрь куни мамлакатимизнинг ХХРдаги дипломатик ваколатхонаси кўмагида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилло Тиллабаев Инсон ҳуқуқларини ўрганиш бўйича Хитой жамияти бош котиби Тан Цзянчжун билан учрашди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикасининг Пекиндаги элчихонаси маслаҳатчи-элчиси Саидкамол Аъзамхўжаев ва Хитой жамиятининг илмий ходимлари иштирок этди.

Суҳбатдош жорий йил 28–29 сентябрь кунлари Инсон ҳуқуқларини ўрганиш бўйича Хитой жамияти ижрочи вице-президенти Цзян Цзяньго иштирок этган Инсон ҳуқуқлари бўйича 5-Самарқанд форумининг самарали руҳда кечганини юксак баҳолади.

«Биз Ўзбекистоннинг ушбу йўналишда эришаётган салмоқли ютуқларини кўриб турибмиз. Президент Шавкат Мирзиёевнинг оқилона раҳбарлиги ва ўз халқига бўлган самимий ғамхўрлиги туфайли инсон ҳуқуқлари масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бугунги кунда мамлакатда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг барча шаклларига барҳам берилди ва бу халқаро ҳамжамият томонидан юксак эътироф этилмоқда.

«Самарқанд нигоҳи – 2040: инсон қадр-қиммати, тенглик ва барқарор ривожланиш йўлида глобал ҳамкорлик» номли якуний ҳужжатнинг БМТ Бош Ассамблеяси 81-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида қабул қилингани ҳам бежиз эмас. Бу нафақат эътироф, балки Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги кенг кўламли ислоҳотларнинг очиқдан-очиқ қўллаб-қувватланиши рамзи экани шубҳасиз.

Ўзбекистондаги бугунги ўзгаришлар «Тарихни кўзгуга қиёслаб, ўтмиш хатоларини ўрганиш ва келажакка боқиб хулоса чиқариш керак» деган хитой мақолининг фалсафий маъносини ҳар қачонгидан ҳам ёрқинроқ акс эттиради.

Тан Цзянчжун Президент Шавкат Мирзиёевнинг хитой тилида чоп этилган «Ўзбекистон барқарор тараққиёт ва фаровонлик йўлида» номли китобининг тақдимоти муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади.

«Мамлакатингизда амалга оширилаётган улкан ислоҳотларнинг туб моҳияти ва фалсафасини янада чуқурроқ англаш мақсадида шахсан ўзим ушбу тўпламни зўр қизиқиш билан ўргана бошладим. Шунингдек, аввалроқ Ўзбекистонда Раис Си Цзиньпиннинг «Инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва таъминлаш тўғрисида» китоби илк бор ўзбек тилида нашр этилганидан ҳам беҳад миннатдормиз. Етакчиларимизнинг бу каби муаллифлик асарлари кенг жамоатчиликда ҳар икки мамлакат эришаётган ютуқларга нисбатан самимий қизиқиш уйғотади».

Бош котибнинг фикрича, «Инсон ҳуқуқлари масалаларида Ўзбекистон

ва ХХР ягона позициядан туриб ҳаракат қилиши, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан Инсон ҳуқуқларини ўрганиш бўйича Хитой жамияти ўртасидаги Ўзаро англашув меморандумига мувофиқ халқаро майдондаги ташаббусларни фаол мувофиқлаштириб бориши лозим. Шунингдек, биз инсон ҳуқуқлари соҳасида қонун ижодкорлигини ўрганиш, ижтимоий таъминот, қишлоқ ҳудудларини юксалтириш, рақамлаштириш, сунъий интеллект, тадбиркорлик, соғлиқни сақлаш, таълим ва ёшлар бандлигини таъминлаш каби масалаларга асосий эътиборни қаратган ҳолда, Хитойнинг 2026–2030 йилларга мўлжалланган Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий ҳаракатлар режаси билан Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилаётган «Инсон ҳуқуқлари – 2030» янги стратегиясини бир-бирига уйғунлаштириш имкониятларини кўриб чиқишимиз керак».

Хитой томони 2026 йил 14 май куни Тошкент шаҳрида ўтказилган “Хитой – Марказий Осиё” инсон ҳуқуқларини ривожлантириш бўйича IV форуми мисолида икки томонлама асосда ҳамда халқаро майдонларда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорлик фаоллигини алоҳида қайд этди.

Учрашув давомида томонлар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштириш юзасидан ҳам фикр алмашдилар. Дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 35 йиллик юбилейи нишонланадиган 2027 йилда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тайёргарлик тўғрисидаги декларациясини амалга ошириш доирасида тренинглар ўтказиш ҳамда ўзаро тажриба ўрганиш мақсадида экспертлар алмашинувини фаоллаштириш, “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали ҳамда Хитой инсон ҳуқуқларини ўрганиш жамиятининг “Инсон ҳуқуқлари” таҳлилий журналида мақолалар чоп этишни йўлга қўйиш таклиф этилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

 матбуот хизмати

Nashr sanasi 10.11.2026 Ko'rishlar 41
Ulashish