2022 йил 16 февралда Истанбул шаҳрида инсон ҳуқуқларини ривожлантириш масалаларига бағишланган икки кунлик халқаро семинар бошланди. Анжуман ташкилотчилари Ислом ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси ва Туркия Республикаси Ҳукумати ҳисобланади.
Халқаро анжуманда ирқчилик, ирқий камситиш, ксенофобия ва шу иллатлар билан боғлиқ зўравонликларга қарши кураш масалалари кўриб чиқилмоқда. Хусусан, БМТнинг Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги халқаро конвенцияси, Дурбан декларацияси ва Ҳаракатлар стратегияси доирасида эришилган келишувларнинг бажарилишига тўсиқ бўлаётган муаммолар муҳокама қилинмоқда.
Семинар ишида ИҲТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси аъзолари, халқаро экспертлар, ҳукумат намояндалари, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйич миллий институтлар, илмий доиралар вакиллари ва фуқаролик жамияти фаоллари иштирок этмоқда.
Халқаро тадбирда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов онлайн қатнашмоқда.
Маълумот учун: Бугунги кунда қарийб 2 миллиард нафар аҳолига эга 57 давлат аъзо бўлган Ислом ҳамкорлик ташкилоти – дунёдаги нуфузли халқаро ташкилотлардан бири ва энг йирик халқаро ислом ташкилотидир. Ўзбекистон 1995 йил октябрь ойида мазкур ташкилотга кузатувчи, 1996 йил 2 октябрдан бошлаб тўлақонли аъзо сифатида қабул қилинган.
Ўзбекистон томони ИҲТни муқаддас динимизни тинчлик ва тараққиёт омили сифатида эътироф этадиган ислом дунёси мамлакатларининг нуфузли ва самарадор форуми сифатида эътироф этади. Шу боис мазкур Ташкилотнинг мустаҳкамланиши ва ўзаро муносабатларимиз изчил равнақ топишидан манфаатдормиз.
Маълумки, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов 2018-2019 йилларда ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг Осиё қитъасидан сайланган аъзоси ва ушбу Комиссиянинг раиси лавозимида фаолият олиб борган. Шу даврда, яъни 2019 йил 7-8 октябрь кунлари пойтахтимизда ИҲТ Комиссиясининг “Тинчликсевар, демократик жамиятлар барпо этиш ва барқарор ривожланиш йўлида ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишнинг аҳамияти” мавзусидаги йиллик 6-семинари бўлиб ўтди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 16.02.2022
- Кўришлар: 2641
- Чоп этиш