2022 йил 22-24 февраль кунлари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмитасининг 71-сессиясида Ўзбекистон Республикасининг Учинчи даврий маърузаси кўриб чиқилади.
Учинчи даврий маърузани кўриб чиқишда Ўзбекистон томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Cпикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси онлайн қатнашмоқда.
А.Саидов БМТ Қўмитаси 71-сессиясидаги муҳокамаларнинг биринчи куни – 22 февралда сўзга чиқиб, Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилган Ҳаракатлар стратегияси доирасида 2017-2021 йилларда қарийб 300 та қонун ва давлат раҳбарининг 4 мингдан зиёд фармон ҳамда қарорлари қабул қилинганига эътиборни қаратди. Ушбу қонун ҳужжатлари давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан ислоҳ этишга хизмат қилди.
Ўз навбатида, бугунги кунда 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалда татбиқ этишга киришилди. Бунда «Инсон қадри учун» тамойили кенг қамровли ва кўламдор ислоҳотларнинг бош мезони сифатида белгилаб олинди.
Муҳими, Ўзбекистонда Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактда белгиланган ҳуқуқларни изчил ва тўла амалга оширишга қаратилган тадрижий сиёсат олиб боришга устувор аҳамият берилмоқда.
Ўзбекистон ҳукумати мазкур Пакт қоидаларини ва БМТнинг Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмитаси тавсияларини амалда самарали татбиқ этиш учун қонун ижодкорлиги, маъмурий, ташкилий, маърифий, иқтисодий соҳаларда таъсирчан чораларни қўллаб, ижросини мунтазам мониторинг қилиб бормоқда.
БМТ Қўмитаси сессиясида иштирок этаётган Ўзбекистон делегацияси Олий Мажлис Сенати, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири, Қурилиш вазири, Маданият вазири, Мактабгача таълим вазири, Халқ таълими вазири, Олий ва ўрта махсус таълим вазири, Уй-жой коммунал хўжалиги вазири биринчи ўринбосарлари, Соғлиқни сақлаш вазири, Ички ишлар вазири ўринбосарлари, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги бошқарма бошлиғидан иборат таркибда тузилган.
БМТ қўмитаси сессияси ишида, шунингдек, Ўзбекистондаги бир қатор фуқаролик жамияти институтларининг фаоллари масофадан – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази онлайн-студиясидан қатнашмоқда.
Учинчи даврий маърузада Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт қоидаларининг Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига жорий қилиниши, мазкур йўналишда амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар ҳақида батафсил маълумот берилган. Жумладан:
- инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий институтларни ривожлантириш;
- коррупцияга қарши курашиш;
- камситишларни бартараф этиш ва тенглик, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини таъминлаш;
- гендер тенглик;
- бандлик;
- камбағалликни қисқартириш;
- ижтимоий ҳимояни кучайтириш;
- меҳнат мигрантларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;
- соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш;
- таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш;
- маданий ҳуқуқларни таъминлаш каби масалалар ёритилган. Ўзбекистон Учинчи даврий маърузани 2019 йил 19 июнда БМТ Қўмитасига тақдим қилган. Даврий маърузани тайёрлашда 30 га яқин давлат органи ва 10 та нодавлат нотижорат ташкилот иштирок этган.
Маълумот учун: Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт 1966 йил 16 декабрда қабул қилинган бўлиб, 1976 йил 3 январда кучга кирган. Ўзбекистон Республикаси мазкур Пактга 1995 йил 31 августда қўшилган.
Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмита БМТнинг шартномавий органи бўлиб, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга риоя қилиниши устидан назоратни амалга оширади. Қўмита таркиби БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши томонидан ҳар тўрт йилда сайланадиган 18 нафар аъзодан иборат.
Қўмита Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга аъзо давлатларнинг ҳисоботларини кўриб чиқади. Шу асосда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасини ривожлантириш бўйича ўзининг таклиф ва мулоҳазаларини тақдим қилади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 23.02.2022
- Кўришлар: 3468
- Чоп этиш