2022 йил 23 февраль куни Женева шаҳрида бўлиб ўтаётган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмитасининг онлайн шаклдаги 71-сессиясида Қўмита раиси М.Э. Абдель-Монеим ва қўмита аъзолари П.Саран, Л.Хеннебель Ўзбекистон томонидан Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт қоидалари ва Қўмита тавсияларини бажариш бўйича амалга оширилаётган қонунчилик, институционал, иқтисодий ва бошқа чора-тадбирларни юқори баҳолади.
Шунингдек, БМТ Қўмитаси аъзолари Ўзбекистон даврий марузаси бўйича саволлар берди. Интерфаол мулоқот давомида Ўзбекистон делегацияси саволларга амалдаги қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш амалиёти, давлат статистик маълумотларига асосланиб жавоб ва тушунтиришлар тақдим этди.
Қўмита йиғилишида меҳнат қилиш ҳуқуқи, адолатли меҳнат шароитлари, касаба уюшмаларини ташкил этиш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқи, камбағалликни қисқартириш, аҳолини ижтимоий таъминотга бўлган ҳуқуқларни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Қўмита аъзолари томонидан тақдим этилган саволлар таҳлили шуни кўрсатадики, халқаро экспертлар Ўзбекистонда иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни таъминлашнинг институционал ва ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш соҳасидаги ислоҳотларни қўллаб қувватлайдилар.
Ўзбекистон Республикасининг Учинчи даврий маърузаси муҳокамаларининг иккинчи куни тафсилотлари қисқача шулардан иборат.
Ўзбекистоннинг учинчи даврий маърузани кўриб чиқиш жараёнида Ўзбекистон томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов бошчилигидаги мутасадди давлат органлари раҳбарларидан иборат мамлакатимиз делегацияси ва 10 га яқин нодавлат нотижорат ташкилот вакиллари онлайн қатнашмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 24.02.2022
- Кўришлар: 2702
- Чоп этиш