2022 йил 11 апрель куни “Қатағон қурбонлари хотираси” музейида Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Ғулом Мирзонинг “Эй, дарвеш (Зулмни енгган мазлумлар қиссаси)” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбир 2022 йил – Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили ҳамда 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишланди.
Тақдимот Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қатағон қурбонлари хотираси музейи, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва “Шаҳидлар хотираси” жамоат фонди томонидан ташкил этилди.
Тадбир “Истибдоддан – Истиқлолгача” номли ҳужжатли фильм намойиши билан бошланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори академик Акмал Саидов, Қатағон қурбонлари хотираси музейи директори Бахтиёр Ҳасанов ва бошқалар кейинги даврда мамлакатимизда қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш, уларнинг ҳаёти ва меросини чуқур ўрганиш ҳамда кенг жамоатчиликка етказиш ишлари янги босқичга кўтарилгани таъкидланди.
Бу жараёнда Ватанимиз мустақиллиги, халқимизнинг эркин ва озод, келажак авлодларнинг тинч, тўкин ҳаётини таъминлаш орзусида мардона кураш олиб бориб, мустабид тузум даврида қатағон қилинган улуғ аждодларимиз фаолияти ва меросини тарғиб қилиш муҳим вазифалардан ҳисобланади.
Яқинда “Машраб” нашриёти томонидан чоп этилган "Эй, дарвеш (Зулмни енгган мазлумлар қиссаси)" номли китоб ҳам айни шу мавзуда ёзилган. Мазкур қисса тарихий ҳужжатлар ва муаллифнинг хотира-кечинмалари асосида битилган.
Тақдимотда иштирок этган тарихчи, ҳуқуқшунос ва сиёсатшунос олимлар, музей мутахассислари, журналистлар ҳамда талаба-ёшларга китоблар совға қилинди.
Тадбир доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан нашр этилган китоблар кўргазмаси ташкил этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 11.04.2022
- Кўришлар: 3125
- Чоп этиш