Бугунги кунда Жиззах вилоятида 1 та вилоят, 1 та шаҳар ҳамда 12 та туман “Баркамол авлод” мактаблари фаолият кўрсатмоқда.
Вилоят бўйича 467 та тўгарак мавжуд бўлиб, уларда умумтаълим мактабларининг 13 минг 689 нафар ўқувчиси турли амалий машғулотлар билан шуғулланмоқда. Ушбу қамров вилоятдаги жами ўқувчиларнинг бор-йўғи 5,3 фоизини ташкил этади.
Жиззах шаҳар “Баркамол авлод” болалар мактабида эса аҳвол янада эътиборталаб: бу ердаги 46 та тўгарак атиги 1 минг 323 нафар ўқувчини қамраган. Яъни, мазкур кўрсаткич мактаб ўқувчиларининг 4,7 фоизини ташкил этади, холос.
Вилоят ва шаҳар “Баркамол авлод” мактаблари 2019 йилдан буён ўз алоҳида биносига эга эмас. Ҳар икки маърифат муассасаси собиқ “Умид” лицейига вақтинчалик жойлаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори академик Акмал Саидов, Г.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиали ректори академик Қаландар Абдураҳмонов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ўрол Ўрозбоев, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Ғулом Мирзо ушбу мактаблар фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Мутасаддилар ва тўгарак раҳбарлари билан мулоқотда вилоят ва шаҳар “Баркамол авлод” мактабларини алоҳида замонавий бино билан таъминлаш зарурлигига эътибор қаратилди. Шунингдек, ўқувчи-ёшларнинг китобхонлик маданиятини ошириш бўйича янгича тизимда ишлаш кўникмаларини шакллантириш ҳақида фикрлашилди.
Вилоят ва шаҳар “Баркамол авлод” мактабларига китоблар тақдим этилди.
Ташриф давомида пойтахтлик меҳмонларга Жиззах шаҳар ҳокими Комил Холмуродов ҳамроҳлик қилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси расмий сайти
- Қўшилди: 28.04.2022
- Кўришлар: 2897
- Чоп этиш