2022 йил 27 апрель куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази шу мавзуда семинар-тренинг ўтказди. Тадбир БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий масалалар департаменти ҳамда Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси, Ўзбекистон Ногиронлар жамияти билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Семинар-тренингда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий масалалар департаменти Инклюзив ижтимоий ривожланиш бўлимининг техник ёрдам ва ҳамкорлик бўлими бошлиғи Олег Серёжин, Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси раиси Ойбек Исаков, Ўзбекистон Ногиронлар жамияти раиси Комил Абдуллаев сўзга чиқди.
Тадбирда Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларидан вазирлик ва идоралар ходимларининг хабардорлигини ошириш муҳимлиги таъкидланди. Конвенция қоидаларини бажариш жараёнида ижтимоий соҳада ислоҳотларни амалга ошириш бўйича хорижий мамлакатлар тажрибаси алоҳида аҳамиятга эгалигига эътибор қаратилди.
Ўзбекистонда кам таъминланганлар, ногиронлиги бўлган шахслар, ёшлар, хотин-қизлар ва кексаларни ижтимоий ҳимоя қилиш инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси томонидан 2021 йил 7 июнда БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ратификация қилингани бунга яққол мисолдир.
Юртимизда ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири – халқаро ҳуқуқ принциплари ва нормаларини миллий қонунчиликка татбиқ этишдан иборат. Бу муҳим жараён Ўзбекистон Республикаси Конституциясида назарда тутилган шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ҳуқуқ ва эркинликларни амалга ошириш билан узвий ҳолда олиб борилмоқда.
Иштирокчилар томонидан, шунингдек, Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларини БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларининг “Ҳеч кимни ортда қолдирманг” тамойилига ҳамоҳанг тарзда амалга ошириш зарурлиги қайд этилди.
Семинар-тренинг машғулотларини АҚШнинг Сиракуза университети докторанти Миржаҳон Турдиев, БМТ ва ЮНИCЕФнинг ногиронлик ва реабилитация масалалари бўйича халқаро маслаҳатчиси, халқаро эксперт, тиббиёт фанлари доктори Оксана Владимирова, БМТ халқаро эксперти, Арманистондаги “Урарту” амалий психология ва социология университетининг ижтимоий фаолият кафедраси мудири Жемма Багдасарян, БМТ халқаро эксперти, Қирғиз Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси доценти Бурулсун Суйуналиева олиб борди.
Тренинг доирасида “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция – ҳуқуқлар стандарти ва элементлари”, “Замонавий дунёда ногиронлик: парадигма ва тушунчалар, давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг роли”, “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларини амалга оширишда ижтимоий соҳани ислоҳ қилиш: тажриба ва истиқболлар” каби мавзулар муҳокама қилинди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 28.04.2022
- Кўришлар: 2804
- Чоп этиш