Жиззахдаги ижод мактабида “Уч авлод” учрашуви бўлди

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017 йили Жиззах шаҳрида Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги  ижод мактабига асос солинган. Бундан кўзланган мақсад ўзбек халқининг атоқли фарзандлари – шоир, драматург, публицист ва жамоат арбоби Ҳамид Олимжон ҳамда XX аср ўзбек шеъриятида ўз сўзи ва ўрнига эга бўлган севимли шоирамиз, чин маънодаги садоқат рамзи Зулфия ижодини кенг тарғиб қилиш, уларнинг издошларини кашф қилиш ва истеъдодларини намоён этишларига шарт-шароит яратишдир.

Бугунги кунда Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ушбу ижод мактаби жамоаси зиммасидаги шарафли ва масъулиятли вазифаларни тўлиқ адо этиш учун астойдил интилмоқда. Бу ерда 2022 йил 26 апрель куни бўлиб ўтган “Уч авлод” учрашуви аввалида шу ҳақда фикр юритилди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори академик Акмал Саидов, Г.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиали ректори академик Қаландар Абдураҳмонов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ўрол Ўрозбоев, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, шоир ва таржимон Ғулом Мирзо иштирок этди.

Тадбирга  Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги  ижод мактаби директори Дилафрўз Ҳамдамова модераторлик қилди.

Академиклар А.Саидов ва Қ.Абдураҳмонов мамлакатимизда илмий ва ижодий фаолият учун яратилган қулай шароитлар ҳамда кенг имкониятларнинг амалий самаралари ҳақида тўхталди. Таниқли олимлар ёшларга ўзларининг илмий-ижодий изланишлари, янги нашр этилган китоблари ҳақида ҳам сўзлаб берди.

Шунингдек, Ўзбекистон Қаҳрамони Анорбой Эшматов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Жиззах вилоят бўлими раҳбари, шоира Меҳрибон Абдураҳмонова сўзга чиқдилар.

 Ижод мактаби ўқувчилари Ҳамид Олимжон ва Зулфия, шунингдек ўзбек ҳамда жаҳон шеърияти намояндалари ҳамда ўзларининг ижод намуналарини бир нечта тилларда ўқиб бердилар.

Ижод мактабининг мадҳияси ижро этилди.

Уч авлод вакилларининг ўзаро мулоқоти самимий ва қизғин савол-жавобларга бой бўлди.

Тадбир якунида ижод мактаби кутубхонасига китоблар тақдим этилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech