Ҳар йили июн ойининг 12 санасида дунёда Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши курашиш куни сифатида нишонланади. Ушбу кунни болалар меҳнатига қарши курашиш куни этиб белгилаш ғояси 1997 йил Амстердам ва Ослода бўлиб ўтган конференцияларда таъкидлаб ўтилган. 2002 йил Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) томонидан 12 июнь расман болалар меҳнатига қарши курашиш куни деб эълон қилинган.
Сўнги маълумотларга қараганда дунё бўйича 5 ёшдан 17 ёшгача бўлган меҳнат қилаётган болалар сони 218 минг нафарни ташкил этиб, шундан, 152 милион нафари замонавий қуллик қурбони бўлганлиги аниқланган. Шунингдек, 72 милион болалар эса хавфли жойларда ишлатилаётганлиги маълум бўлган. Шу каби мажбурий меҳнатга барҳам бериш мақсадида дунё давлатларида болаларни мажбурий ишлатиш ва ҳаёт учун хавфли бўлган меҳнат фаолияти билан шуғулланмасликлари бўйича турли ҳил тадбирлар ўтказиб келинади.
Болалар меҳнатига қарши курашиш бўйича сўнгги йилларда Ўзбекистонда сезиларли ишлар амалга оширилди. Ўзбекистонда болалар меҳнатига тўлиқ барҳам берилди. Олиб борилган чора-тадбирлар натижасида 2018 йил АҚШ Ўзбекистон пахта маҳсулотларини болалар меҳнати орқали етиштирилган маҳсулотлар рўйхатидан чиқарди.
2022 йил 10 март куни пахтадан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи ва улар билан савдо қилувчи жаҳондаги етакчи 331 та компанияни бирлаштирувчи Cotton Campaign коалицияси Ўзбекистонда мажбурий ва болалар меҳнати батамом бартараф этилганлигини тан олиб, Ўзбекистон пахтасига қўйилган бойкотни бекор қилди..
Халқаро Мехнат ташкилоти билан фаол ҳамкорлик натижасида мазкур ташкилотнинг “Болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларига барҳам бериш ва тақиқлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 182-конвенцияси ратификация қилинди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 75-сессиясида сўзлаган нутқларида ҳам ёшлар сиёсатига алоҳида тўҳталиб, Мажбурий ва болалар меҳнатига тўлиқ барҳам берилганлигини таъкидлаб ўтди.
Дарҳақиқат, ҳозирги кунда Ўзбекистон қонунчилигида болаларни мажбурий меҳнат қилишга ҳеч қачон йўл қўйилмайди, аксинча уларни бўш вақтларини мазмунли ўтказиш ва таълимга йўналтириш давлатимиз тараққиётининг пойдеворидир.
Ҳамидулло МЎМИНОВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази “Инсон ҳуқуқлари уйи”масъул ходими
- Қўшилди: 10.06.2022
- Кўришлар: 3542
- Чоп этиш