Умумхалқ муҳокамаси бошланди

Г.В.Плеханов номидаги иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиалида “Ўзбекистон-ижтимоий давлат” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда университетнинг барча профессор-ўқитувчилари ҳамда талаба-ёшларига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг йиғилишида қабул қилинган қарорга мувофиқ, 25 июнь кунидан бошлаб, 5 июль кунига қадар “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамасига старт берилганлиги ҳақида ахборот берилди.

Мажлисда дастлаб Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Конституциявий комиссия раиси Акмал Саидов Конституциявий комиссия томонидан олиб борилган ишлар тўғрисида тадбир иштирокчиларига сўзлаб берди.

Ўз нутқида Конституциявий комиссия раиси Асосий қонунимизни такомиллаштириш юзасидан кенг қамровли ишлар амалга оширилганлиги, комиссия ўз ишини самарали ташкил этганлиги, унинг фаолиятига илмий-тадқиқот муассасалари, тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари, соҳа экспертлари кенг жалб қилинганлиги, чет эл давлатларининг конституциявий тажрибаси чуқур ва ҳар томонлама ўрганилганлиги ҳақида батафсил таъкидлаб ўтди.

Университет раҳбари, иқтисодчи олим, академик Каландар Абдураҳмонов Асосий қонунни ўрганиш ва муҳокама қилиш, шунингдек олиб борилаётган ислоҳотлар  ёш авлоднинг ҳуқуқий маданияти ва ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, Ватан олдидаги бурчи ва мажбуриятларига нисбатан масъул ёндашувни шакллантиришга хизмат қилиши тўғрисида йиғилиш қатнашчиларига атрофлича маълумот бериб ўтди.

Давра суҳбатида олимлар, экспертлар ва мутахассисларнинг фикр алмашиши мамлакатимизнинг Асосий қонунини янада ривожлантириш ва янгилашни  қўллаб-қувватлашга  қаратилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси расмий сайти

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech