"Ижтимоий фикр": респондентларнинг 83 фоизи конституциявий ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди

"Ижтимоий фикр" Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш жараёни, мамлакатимиз асосий Қонунини бугунги давр талабларига мос равишда такомиллаштириш зарурияти, давлатимиз тараққиётининг янги босқичи учун ҳуқуқий асос яратиш ҳақида жамоатчилик фикрини ўрганишга бағишланган комплекс тадқиқот ўтказди.

Бу ҳақда "Ижтимоий фикр" РЖФЎМ ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, 88 фоиз сўров иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифлар тўплаш жараёни бошланганидан хабардор. Бу мамлакатда кечаётган сиёсий жараёнларга жамоатчилик кенг қатламларининг жалб этилганидан, давлат тақдири учун фуқароларнинг дахлдорлик ва жавобгарлик ҳиссидан далолат беради.

Аксарият респондентлар - 83 фоизи конституциявий ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди ва замонавий шароитларда Конституцияни такомиллаштириш заруриятини эътироф этади.

Тадқиқот доирасида Конституциявий комиссиянинг фаолияти тўғрисида фуқароларнинг хабардорлигини аниқлаш вазифаси қўйилган эди, сўровнинг кўрсатишича, 76 фоиз респондент мазкур комиссиянинг фаолияти тўғрисида билади.

Олинган маълумотларга кўра, 47,2 фоиз респондентлар тақдим этилган имкониятдан фойдаланиш ва Асосий қонунни такомиллаштириш жараёнида иштирок этишни ўзи учун муҳим, деб ҳисоблайди, 24,1 фоиз фуқаролар ушбу имкониятдан фойдаланиб, амалдаги Конституцияга киритиш учун ўз таклиф ва қўшимчаларини тақдим этиб улгурган.

Тадқиқот давомида мамлакат Асосий қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишнинг бошланган  жараёни тўғрисида олинаётган ахборот манбалари ўрганилди. 32,8 фоиз сўралган фуқаролар ушбу ахборотни телевидение орқали олганлар. СМС-хабарларни юборишнинг ҳам аҳамияти кам бўлмади – улар орқали ахборотни 23 фоиз респондентлар олишган. Телеграмм-каналлар ёрдамида бундай ахборотни 17 фиоз респондентлар, ижтимоий тармоқлардан (фейсбук, инстаграм) эса 15 фоиз сўров иштирокчилари олганлар.

Жамоатчилик фикри сўровининг таҳлили шуни кўрсатдики, сўров иштирокчиларининг фикрига кўра, Конституцияда акс эттирилиши лозим бўлган асосий долзарб йўналишлар – бу давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни кучайтириш, аҳолининг эҳтиёжманд  қатламларининг (ногиронлиги бўлган шахслар, ота-она қарамоғисиз қолган болалар, боқувчисини йўқотган аёллар, кексалар ва пенсионерлар) ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш, шунингдек, ёшларнинг давлат ва жамиятдаги ролини мустаҳкамлаш масалалари ҳисобланади.

Тадқиқот, шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик ҳуқуқларни амалга ошириш масалалари муҳим йўналиш ҳисобланишини кўрсатди. Респондентлар умуминсоний, миллий ва оилавий қадриятларни шакллантириш ва мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратиш, хусусий мулк муҳофазасини кучайтириш каби йўналишлар ва таълим сифатини таъминлаш масалаларини ҳам тилга олишди.

Тадқиқот шуни кўрсатдики, сўров иштирокчилари мамлакатнинг Асосий қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш катта масъулиятни ва ҳар бир фуқаронинг иштирокини талаб қиладиган, мамлакатнинг истиқболдаги ривожига таъсир қилиши мумкин бўлган жараён эканлигини англайдилар. 

Умуман олганда, жамоатчилик фикрининг ўтказилган комплекс тадқиқоти шуни ишонч билан кўрсатмоқдаки, Асосий қонун ўзининг янги таҳририда, ҳеч шубҳасиз, жамият ва давлат ҳокимиятининг биргаликдаги жамоавий саъй-ҳаракатлари натижаси бўлади, таклиф этилаётган ўзгартиришлар моҳияти билан эса ҳокимият органлари фаолиятининг диққат марказида инсон туриши, амалга оширилаётган барча конституциявий ислоҳотларнинг олий мақсади – ҳар бир фуқарога ўзини, қобилиятларини тўла рўёбга чиқариш имконини берадиган, фуқаролар учун муносиб турмуш шароитини яратишдан иборат бўлиши кераклиги таъкидланмоқда.

«Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech