Ўзбекистон Республикаси Олий судида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери биринчи ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия раиси, академик Акмал Саидов билан Бош қомусимизга киритилаётган янгиликлар, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича ўтказилаётган умумхалқ муҳокамалари моҳиятига бағишланган учрашув ташкил этилди.

Унда Олий суд, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман, туманлараро ва шаҳар судлари раислари, судьялари ва ходимлар иштирок этди.

Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган кенг кўламли вазифалар, халқпарвар давлат барпо этиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада самарали таъминлаш каби мақсадлар мамлакатимиздаги туб ислоҳотларга мос янги конституциявий-ҳуқуқий маконни яратиш заруратини юзага келтирмоқда.

Ўтган давр мобайнида жамиятимизнинг сиёсий, иқтисодий- ижтимоий ва маданий ҳаётида туб ўзгаришлар амалга оширилди. Бу эса Бош қомусимизда "Янги Ўзбекистон - ижтимоий давлат" тамойилларини мустаҳкамлаш, турли ислоҳотлар жараёнида инсон манфаатлари бош мезон бўлишини таъминлаш, хусусий мулк дахлсизлигини, ерга эгалик қилиш ҳуқуқини, фуқаролик жамияти институтларининг ўрнини конституциявий даражага кўтариш, давлат ҳокимияти асосларини такомиллаштириш долзарблигини кўрсатмоқда.

Учрашувда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия томонидан аҳоли фикр ва таклифларини қабул қилиш ишлари тизимли йўлга қўйилган.

Пировардида юртимизда олиб борилаётган Конституциявий ислоҳотларда нафақат олимлар, ҳуқуқшунослар, мутахассислар, балки фуқароларнинг ўзи ҳам бевосита иштирок этмоқда.

Билдирилган таклифларнинг таҳлили халқимизнинг мамлакатда бўлаётган кенг кўламли ўзгаришларга бефарқ эмаслигини, фуқаролар ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси бўлишга интилаётганлигини кўрсатмоқда.

Халқимиз томонидан берилган таклифлар, шунингдек давлатимиз раҳбарининг Комиссия аъзолари билан учрашувда "инсоннинг қадр-қиммати, шаъни ва ғурури бундан буён барча соҳаларда биринчи ўринда туриши керак" деган тамойил асосида берган таклифларидан келиб чиқиб "Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонуни лойиҳаси тайёрланди.

Конституциявий қонун лойиҳаси Конституциямизнинг 60 дан ортиқ моддасига 200 дан ортиқ тузатиш киритишни назарда тутмокда. Конституцияга ўзгартишлар "инсон-жамият-давлат" принципига асосланган бўлиб, миллий конституциявий ўзликни акс эттиради ва амалдаги Конституциямизнинг барча бўлимларига туб ўзгартишлар киритишни назарда тутади.

Қайд этилганидек, Конституциявий тузатишлар, авваламбор, жамиятнинг турли ижтимоий қатламларига мансуб бўлган фуқароларнинг шахсий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маданий ва экологик ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини таъминлашга, ҳимоя қилишга қаратилган тўғридан-тўғри ишлайдиган нормаларга айланади.

Ўзбекистон ҳуқуқий, ижтимоий, дунёвий демократик давлат эканлиги белгилаб қўйилмоқда. «Инсон ҳамда фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади» эканлиги белгиланмоқда.

Учрашувда Конституцияга киритилаётган ўзгартиришларга бевосита эътибор қаратилди. Жумладан, киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар аввало "инсон қадри учун" деган тамойилни рўёбга чиқаришга қаратилган бўлиб, Конституцияга таклиф олиш жараёнида фуқароларимиздан келиб тушган энг кўп таклифлар, айнан инсоннинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашни жиддий равишда кучайтиришга қаратилганлиги билан алоҳида аҳамият касб этди. Ўз навбатида лойиҳа билан Конституциямизнинг мазкур масалага бағишланган нормалари ҳам тубдан такомиллаштирилди.

Мулоқот жараёнида учрашув иштирокчилари Конституцияга киритилаётган ўзгартиришлар бўйича ўз фикр ва таклифларини билдирди.

Олий суд | Расмий канал

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech