Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиришлар киритиш мазмун-моҳияти мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди

2022-йилнинг 1-июль куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида мутахассислар ва Миллий кутубхона тизимидаги ахборот-кутубхона марказлари ходимлари учун Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳамкорликда онлайн ва офлайн тартибда (ZOOM платформаси орқали) Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиришлар киритиш мазмун-моҳияти мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказ директори, Конституциявий комиссия раиси Акмал Саидов, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабайева, Тошкент шаҳар “Билим” ахборот-кутубхона маркази директори Ҳафиса Каримовалар сўзга чиқиб, бугун шиддат билан ўзгараётган дунёда рўй бераётган геосиёсий вазиятлар, энг аввало, мамлакатимизни келгуси беш йилда ривожлантиришга қаратилган Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси ва унда белгиланган мақсадларни амалга ошириш нафақат қонунларимизни мустаҳкамлашни, шу билан бирга, Бош қомусимизда ҳам инсон қадрини юксалтиришга қаратилган нормаларни янада такомиллаштириб, бугунги замон талабларига мослаштиришни тақозо этаётганини таъкидладилар.

    Шунингдек, ўтган вақт давомида Конституцияни такомиллаштириш учун фуқароларга ўз таклифларини билдиришнинг бир неча кўринишдаги имкониятлари яратилгани, жумладан, Менингконституциям.уз портали ҳамда махсус Telegram-bot  ва call-markaz орқали таклифлар қабул қилинаётгани ҳам айтиб ўтилди.

    Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 1992-йил 8-декабрда қабул қилинганидан буён унга 16 марта ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган. Лекин бугунги кундаги конституциявий ислоҳотлар замирида инсон омили, унинг манфаатлари асосий ўринга қўйилгани билан ҳам аҳамиятлидир.

    Маълумот ўрнида айтиш жоизки,  Конституцияни ислоҳ қилиш бўйича 46 кишидан иборат конституциявий комиссия бир ой ичида ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқди. Портал орқали фуқаролар ва ташкилотлардан 60 мингдан ортиқ таклифлар қабул қилиб олинди.

 

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech