Истиқлол йилларида халқимизнинг қадимий ва бетакрор байрамларидан бўлмиш муборак Рамазон ва Қурбон ҳайитларини муносиб нишонлашга алоҳида эътибор берилмоқда. Чунки ҳар икки ҳайит айёмларининг мазмун-моҳиятида мужассам бўлган инсонпарварлик, эзгулик, шукроналик ва меҳр-оқибат сингари анъана ва қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда кенг тарғиб этиш жуда муҳим.
Хусусан, яқинда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ, жорий йилда Қурбон ҳайитининг биринчи куни 9 июль – шанба кунига тўғри келиши тўғрисида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши томонидан қабул қилинган қарорни инобатга олиб, мамлакатимизда 2022 йил 9 июль кунини Қурбон ҳайити байрами сифатида кенг нишонлаш белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 20 декабрдаги “2022 йилдаги расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида”ги фармонига кўра, Қурбон ҳайитини мамлакатимизда муносиб нишонлаш, шу улуғ байрам кунлари мўътабар ёдгорлик ва қадамжоларга зиёратларни ташкил этиш мақсадида, 2022 йил 11-12 июль кунлари ҳам юртдошларимиз дам олиш имконига эга бўлдилар.
Бу ҳайитнинг энг муҳим тадбири – қурбонлик қилишдир. Шунинг учун бу ҳақда мухтасар маълумот тақдим этилмоқда.
Қурбонлик шартлари ва одоблари
Бутун муслмон олами Қурбон ҳайитини катта байрам сифатида қарши олади. Бу байрамда қурбонлик қилинади. Қуйида шу ҳақда маълумот берамиз.
Қурбонлик Ислом динининг вожиб бўлган улуғ амалларидан биридир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Парвардигорингиз учунгина намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг” (“Кавсар” сураси, 2-оят). Қурбонлик луғатда “яқинлашмоқ”, “яқин бўлмоқ” маъноларини билдириб, истилоҳда бу сўз Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш мақсадида жонлиқ сўйишни англатади.
Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбон ҳайити куни эрта билан ўзлари қурбонлик қилардилар ва бошқаларни ҳам курбонлик қилишга тарғиб этардилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Имконияти бўла туриб, қурбонлик қилмаган кимса намозгоҳимизга яқинлашмасин”, деганлар (Имом Аҳмад, Ибн Можа ривояти). Бошқа бир ҳадисда эса: “Ҳар ким қурбонлик қилишга қодир бўлса-ю, қурбонлик қилмаса, вафотидан кейин мажусийлар ёки насронийлар қаторида тирилади”, дедилар.
Қурбонлик тарихига бир назар
Қурбонлик ҳижрий иккинчи йил вожиб бўлган бўлса-да, лекин унинг тарихи Иброҳим алайҳиссалом замонларига бориб тақалади ва у зотдан бизга қолган амаллардандир. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Қурбонлик қилинглар! Албатта, у отамиз Иброҳим алайҳиссаломнинг суннатларидир”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Қурбонлик қилишдан мақсад нима?
Қурбонлик қилишдан мақсад банда ўзининг Аллоҳ амрига итоатини, тақвосини намоён этишдир. Аллоҳ таоло банда сўйган ҳайвоннинг гўштига ҳам, қонига ҳам муҳтож эмас: «Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли – У зотни улуғлашларингиз учун – уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!» (“Ҳаж” сураси, 37-оят).
Шунингдек, қурбонлик қилиш Аллоҳ таолонинг амрини адо этишга банданинг тайёр эканини кўрсатади ва тўғри йўлга ҳидоят қилгани учун Аллоҳ таолога шукр этиш бўлади. Аллоҳнинг йўлида жонлиқ сўйиб, бева-бечораларни тўйғазиш шукрнинг бир кўринишидир.
Қолаверса, бу амални бажаришда Аллоҳ таолонинг буюклиги ва динининг улуғлиги зоҳир бўлади.
Қурбонлик кимларга вожиб?
Қурбонлик зиммага вожиб бўлиши учун 4 нарса топилиши шарт.
- Мусулмон бўлиши. Чунки қурбонлик қурбат бандани Аллоҳ таолога яқин қилувчи ибодат бўлиб, кофир унга аҳл эмас (Бадоеъус саноеъ).
- Озод бўлиш. Чунки қулнинг мулки бўлмайди (Ал баҳрур роиқ).
- Нисоб эгаси бўлиш.
- Муқим бўлиш. Мусофирга қурбонлик вожиб эмас.
Қурбонлик қилинадиган ҳайвонлар
Қурбонлик қуйидаги ҳайвонлардан бирини сўйиш билан адо этилади:
Қўй (қўй дейилганда эчки ҳам тушунилади), қорамол ва туя. Ушбу ҳайвонлардан бошқа ҳайвонлар қурбонлик ўрнига ўтмайди.
Қўйда ёлғиз бир киши, қорамол ва туяда эса бир кишидан етти кишигача шерик бўлиб адо қилиш мумкин. Қўй олти ойлик ва ундан катта бўлиши шарт. Қорамол икки ёш ва ундан катта бўлиши, туя беш ёш ва ундан катта бўлиши зарур.
Шу билан бирга, қурбонликка сўйиладиган ҳайвон семиз, йўғон ва ёши катта бўлиши афзал саналади. Қурбонликка ярамайдиган айби ёки нуқсони бор ҳайвонларни сўйишдан эҳтиёт бўлиш лозим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Тўрт нафар ҳайвон қурбонликка ярамайди: кўзи кўрлиги билиниб турган (айбли) ҳайвон, касали зоҳир касал ҳайвон, чўлоқлиги зоҳир чўлоқ ва ўрнидан тура олмайдиган ўта озғин ҳайвон”, деганлар» (Имом Термизий ривояти).
Қурбонлик қилинадиган ҳайвон айбдан холи бўлиши лозим. Қурбонлик қилинадиган ҳайвоннинг қулоғи, думи ёки кўзининг бир қисмидан кўпроғи йўқ бўлса, қурбонликка сўйиш жоиз эмас.
Касал, чўлоқ ва озғин ҳайвонлар сўядиган жойга ўз оёғи билан юриб бора олмаса, қурбонликка сўйиш мумкин эмас.
Қурбонлик қилиш вақти
- қурбонлик ҳайит намози ўқиб бўлингандан кейин бошланади.
- учинчи ҳайит кунининг қуёши ботиши билан тугайди.
Қурбонликнинг қийматини садақа қилиш мумкинми?
Қурбонлик талаб этилган жонлиқлардан бирини сўйиш орқали адо этилади. Жонлиқни сўймай, жонлиқни ёки унинг миқдорига тенг маблағни бериш қурбонлик ҳисобланмайди. Бу садақа ҳисобланади.
Қурбонлик одоблари
Қурбонлик қилиш вожиб бўлган киши қуйидаги одобларга риоя қилиши лозим:
Аввало – Қурбонлик қилувчи шахс нияти тўғри, амалини холис Аллоҳ таоло учун қилган бўлиши лозимдир. Бошқалар “кўрсин” ёки “эшитсин”, деган ниятдан йироқ бўлади.
Иккинчи одоб – қурбонлик қилувчи соч, соқолига ва баданига ҳеч нарса теккизмаслиги.
Қурбонлик қилишни ирода қилган киши зулҳижжа ойининг биринчи кунидан бошлаб, то ҳайит куни қурбонликни бажаргунга қадар соч-сақолини олмайди ва баданининг бошқа жойларига ҳам тиғ теккизмаслиги мустаҳабдир.
Учинчи одоб – қурбонлик қилишда айб ва нуқсони бор ҳайвонни қурбонлик қилишдан сақланиш.
- Қўшилди: 08.07.2022
- Кўришлар: 4792
- Чоп этиш