Миллий марказ ходими фаолияти – прокуратура нашрлари эътирофида

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан “Қонун ҳимоясига ҳаёт бахшида...” номли китоб нашр этилди. Бундан олдин Тошкент вилояти прокуратураси ташаббуси билан “Қонун ҳимояси – муқаддас бурч” китоби чоп этилганди. Ҳар икки китоб мамлакатимиз прокуратура тизими ташкил топганининг 30 йиллигига бағишланган.
Янги нашрларда прокуратура тизимининг шаклланиши, Мустақиллик йилларида тутган ўрни, Янги Ўзбекистонни бунёд этиш давридаги жорий фаолияти ёритилган. Китоблар саҳифаларида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тизимида ишлаётган масъул ходимлар ва тизим фахрийлари ҳақида атрофлича маълумотлар берилган.
Жумладан, ушбу нашрларда қайд этилганидек, адлия маслаҳатчиси Фарида Ҳақбердиева 1957 йил 6 июль куни Қарши шаҳрида туғилган. Меҳнат фаолиятини 1981 йилда Тошкент Давлат университети (ҳозир – Ўзбекистон Миллий университети) Ҳуқуқ кафедраси илмий ходими вазифасидан бошлаган. Кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси қошидаги Фалсафа ва ҳуқуқ институтида кичик илмий ходим бўлиб ишлаган.
Фарида Ҳақбердиева прокуратура органларида қарийб чорак асар фидокорона хизмат қилган. Хусусан, 1990 йилдан:

  • Тошкент шаҳар Акмал Икромов тумани прокуратураси иш ўрганувчиси;

  • Акмал Икромов тумани прокурори ёрдамчиси;

  • Тошкент шаҳар прокурорининг кадрлар бўйича ёрдамчиси;

  • Тошкент шаҳар прокуратураси Умумий назорат бўлими прокурори;

  • Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Судларда фуқаролик ишлари кўрилишида прокурор ваколатини таъминлаш бўлими прокурори;

  • Тошкент шаҳар прокурорининг кадрлар бўйича катта ёрдамчиси;

  • Тошкент вилояти прокуратураси Судларда фуқаролик ишлари кўрилишида прокурор ваколатини таъминлаш бўлими прокурори;

    Фуқароларнинг мурожаатлари ва хатлар бўйича катта ёрдамчиси лавозимларида самарали фаолият олиб борган.
    Фарида опа 2012 йили ёшга доир нафақага чиққан. Ҳозирги кунда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бош мутахассиси лавозимида меҳнат фаолиятини давом эттирмоқда.

    Инсон ҳуқуқлари бўйича
    Ўзбекистон Республикаси
    Миллий марказининг
    матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech