Ўзбекистон — Эрон: ҳамкорлик алоқаларининг янги уфқлари

2022 йил 13 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида парламент қуйи палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоилов Эрон Ислом Республикаси Исломий Кенгаш Мажлисининг раиси Муҳаммад Боқир Қолибоф бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.

Суҳбат аввалида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Эрон Ислом Республикаси Исломий Кенгаш Мажлисининг раисини юртимизга ташрифи билан самимий қутлаб, икки мамлакат парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги фаолиятига муваффақият тилади.

Учрашувда кейинги йилларда икки томонлама муносабатларнинг босқичма-босқич ривожланиб бораётгани, мамлакатларимиз ўртасида сиёсий ва иқтисодий соҳадаги мулоқотларнинг фаоллашгани ижобий баҳоланди.

Қайд этилганидек, 2021 йилнинг 17 сентябрида Душанбе шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва 28 ноябрь куни Ашхободда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг саммитлари доирасида ўтган олий даражадаги мулоқотларда билдирилган сиёсий ирода бир-бирига қўшни бўлган ва ўз минтақаларида муҳим геосиёсий ўрин тутган давлатларимизнинг икки томонлама алоқалари ривожига ижобий туртки берди. Мазкур учрашувлар асносида илгари сурилган таклифларнинг амалий ижроси келажакда икки томонлама савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, транспорт-логистика, энергетика ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик муносабатларимизни янада ривожланишига хизмат қилади.

Мулоқот чоғида меҳмонга мамлакатимиз парламенти, хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қонунчилик фаолияти, норма ижодкорлиги, қўмита ва фракциялари иш услублари ҳамда парламентаризм соҳасидаги янгиликлар ҳақида сўзлаб берилди.

Ўз навбатида, М. Қолибоф конструктив ва амалий руҳдаги мулоқотларни изчил давом эттириш, икки томонлама алоқаларни ривожлантиришда муҳим омил бўлган парламентлараро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, шу йўналишдаги мулоқотларни кўпайтириш ҳар томонлама фойдали эканини қайд этди.

Ўзаро ишонч руҳида ўтган учрашув чоғида Ўзбекистон-Эрон ўртасидаги парламентлараро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, уни янги мазмун билан бойитиш, норма ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги амалий ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлашда парламентларнинг ролини кучайтиришга келишиб олди.

Эрон парламенти делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи давом этмоқда.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси расмий сайти.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech