Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси муддати узайтирилди

2022 йил 15 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Унда дастлаб “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси ҳақидаги масала кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, депутатлар томонидан ҳудудларга чиқилган ҳолда давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда фуқаролар иштирокида қатор учрашувлар ташкил этилиб, конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Умумхалқ муҳокамаси давомида Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан аҳоли ва фуқаролик жамияти институтларидан 85 мингдан зиёд таклифлар келиб тушди. Аҳоли ва фуқаролик жамияти институтларининг Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан фикр-мулоҳаза билдиришда фаоллиги ортиб бораётганлиги, келиб тушаётган таклифлар сони тобора ошаётганлиги умумхалқ муҳокамасининг муддатини яна узайтириш заруратини юзага келтирмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Қонунчилик палатасида “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси умумхалқ муҳокамасининг муддатини 2022 йил 1 августгача узайтириш ҳақида қарор қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси расмий сайти.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech