18 июль – Нельсон Мандела халқаро куни

Ҳар йили 18 июлда инсон ҳуқуқлари, қадр-қиммати, тенглик ва адолат учун курашган атоқли сиёсатчи Нельсон Мандела куни бутун дунёда кенг нишонланади.

Бу халқаро сана БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2009 йил 10 ноябрда Жанубий Африка раҳбарининг тинчлик ва озодлик учун қўшган ҳиссасини эътироф этиш мақсадида таъсис этилган. Нельсон Мандела апартеидга қарши курашиш ва қамоқхонадаги инсонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун катта ҳисса қўшган.

Шу муносабат билан 2022 йил 15 июлда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан БМТнинг наркотиклар ва жиноятчилик бўйича Марказий Осиё  ҳудудий бошқармаси ҳамкорлигида Нельсон Мандела халқаро кунига бағишланган онлайн давра-суҳбати ташкил этилди.

Тадбир доирасида Нельсон Мандела хотирасини ёдга олиш асносида мамлакатимизда қамоқхоналарда инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот ва тажриба алмашилди.

Давра суҳбатида Миллий марказ раҳбарияти, БМТнинг наркотиклар ва жиноятчилик бўйича Марказий Осиё  ҳудудий бошқармаси,  Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси, Ички ишлар вазирлиги Академияси, Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти вакиллари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги жазони ижро этиш муассасалари раҳбарлари ва халқаро экспертлар иштирок этди.

Иштирокчилар эътиборига “Нельсон Мандела қоидаларининг мазмун-моҳияти”,  “Маҳкумлар билан муомала қилишнинг минимал стандарт қоидалари”,  “Нельсон Мандела қоидалари инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг асосий йўналишларидан бири сифатида”, Ўзбекистондаги жазони ижро этиш муассасаларида БМТнинг Маҳкумлар билан муомала қилишнинг минимал стандарт қоидаларининг қўлланиши”, “Ўзбекистон Республикасининг жиноий-процессуал қонунчилигини такомиллаштиришда халқаро стандартларни қўллаш” каби мавзулардаги маърузалар ҳавола этилди.

Халқаро ва миллий экспертларнинг фикрлари тингланди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech