A.Саидов Парламентлараро иттифоқнинг Нью-Йоркдаги ваколатхонаси раҳбари П.Торсни билан учрашди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Конституциявий комиссия раиси, A.Саидов Парламентлараро иттифоқнинг (ПAИ) Нью-Йоркдаги ваколатхонаси раҳбари П.Торсни билан учрашди.

 

ПАИ – 178 та доимий ва 14 та ассоциатив аъзога эга миллий парламентларнинг глобал ассоциацияси. Парламентлараро иттифоқ дунё давлатлари қонун чиқарувчи органларининг демократик бошқарув, инсон ҳуқуқлари, гендер тенглигини таъминлаш, ёшлар ҳуқуқларини кенгайтириш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва барқарор ривожланиш борасидаги ҳаракатларини мувофиқлаштиришга хизмат қилади.

 

A.Саидов суҳбатдошга Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотнинг мазмун-моҳияти, уни амалга оширишнинг асосий босқичлари, шунингдек, махсус тузилган Конституциявий комиссиянинг иш тамойиллари ҳақида батафсил маълумот берди.

 

Қайд этилганидек, Конституциявий қонун лойиҳаси аҳоли таклифларини умумлаштириш асосида ишлаб чиқилган. Бундан ташқари, ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги қонун лойиҳаси 35 кун мобайнида умумхалқ муҳокамасидан ўтди, унинг мантиқий якуни референдум бўлади.

 

П.Торсни Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотнинг зарурлигини ва ўз вақтида ўтказилаётганини таъкидлади. У Конституциявий комиссия фаолиятининг очиқлигини, шунингдек, конституциявий жараёнда аҳолининг барча қатламлари қамраб олиниши таъминланаётганини юқори баҳолади.

 

Собиқ парламентарий сифатида П.Торсни ҳар қандай ўзгаришларнинг мураккаблигини эътироф этди: “Бир неча йил олдин, баъзи мамлакатларда ҳатто эркаклар ва аёллар ўртасидаги тенглик мавзусини ҳам муҳокама қилиш қийин эди”.

 

ПАИнинг Нью-Йоркдаги ваколатхонаси раҳбари фуқаролик жамияти ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг барча ўзгаришларда фаол иштирок этиши муҳимлигини таъкидлади. ОAВ эркинлигига ҳар қандай чеклов демократияга тўсқинлик қилишига ишонч билдирилди.

 

П.Торсни Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасидаги муваффақиятларини юқори баҳолади ва шу йилнинг октябрь ойида мамлакатимизда ушбу мавзуда глобал форум ўтказиш ғоясини қўллаб-қувватлади. ПАИ мазкур тадбирда юқори даражада фаол иштирок этишини билдирди.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси расмий сайти.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech