Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 1 июндаги қарорига асосан таъсис этилган “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони ҳар йили 30 июль – Халқлар дўстлиги куни арафасида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан тантанали тарзда топшириб келинмоқда.
Бу йил ушбу сана муносабати билан Президентимиз Ўзбекистон халқига байрам табриги йўллади. Давлатимиз раҳбари фармонига мувофиқ, бир гуруҳ юртдошларимиз орден ва медаллар билан тақдирланди.
5 август куни пойтахтимиздаги “International Hotel” меҳмонхонасида ушбу мукофотлар ўз эгаларига тантанали тарзда топширилди. Бу ўринда турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари ва миллий маданий марказлар вакиллари, юртимизда миллатлараро дўстликни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшган 30 нафар турли миллат намояндаси ҳақида сўз бормоқда.
Мукофот олган ҳамюртларимиз орасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг ўринбосари Дилноза Муратова ҳам бор. Ҳамкасбимизга “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони тантанали равишда тақдим этилди.
Маълумот учун: Бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари ҳамжиҳатликда, бир оила фарзандидек яшаб, мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келяпти. Юртимизда 152 та миллий маданий марказ, 38 та дўстлик жамиятлари фаолият кўрсатмоқда. Улар турли миллат ва элатларга мансуб фуқароларнинг эзгу қадриятларини асраб-авайлаш, урф-одат ва анъаналари бардавомлигини таъминлаш, ёш авлодни миллатлараро бағрикенглик руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 08.08.2022
- Кўришлар: 4696
- Чоп этиш