Янги Ўзбекистон – хорижликлар нигоҳида

ОЛИЙ ДАРАЖАДАГИ ЎЗБЕКИСТОН - САУДИЯ АРАБИСТОНИ САММИТИ МИНТАҚАЛАРАРО АЛОҚАЛАРНИ МУСТАХКАМЛАШГА ЯНГИ СУРъАТ БАХШ ЭТАДИ

Хорижий экспертлар Ўзбекистан Президентининг 17 август куни бошланган Саудия Арабистонига давлат ташрифи аҳамияти ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини билдирмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг давлат ташрифи халқаро экспертлар хамжамиятида катта қизиқиш уйғотди. Хорижий таҳлилчилар икки давлат ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантириш учун катта салохият ҳамда минтақалараро ўзаро боғлиқликни мустахкамлаш истиқболлари мавжудлигини таъкидламоқда.

Алвис ЭГЛИТИС,

“ЛЕТА” ахборот агентлиги халқаро янгиликлар муҳаррири (Латвия):

— Ушбу ташриф икки мамлакат ўртасидаги самарали ҳамкорликнинг янги даврини бошлаб беради. Таъкидлаш жоизки, бу Ўзбекистон раҳбарининг катта иқтисодий салоҳиятга эга ва мамлакатнинг барқарор ривожланиши йўлидаги улкан мақсадларини салмоқли даражада қўллаб-қувватлашга қодир бўлган Яқин Шарқнинг йирик давлатига сўнгги 30 йил ичида амалга оширган биринчи ташрифи бўлди.

Шу нуқтаи назардан, Тошкент томонидан икки томонлама савдо-иқтисодий, инвестисиявий ва технологик лойиҳаларни аниқлаштиришга катта эътибор қаратилаётгани тушунарли ҳолдир.

Хусусан, Ўзбекистон муқобил энергетика соҳасидаги йирик қўшма инвестиция лойиҳаларидан катта фойда кўришига шубҳа йўқ. Саудия Арабистонининг “АCWА Поwер” компанияси билан Бухоро ва Навоий вилоятларида шамол электр станцияларини қуриш бўйича 1,3 миллиард долларлик шартнома имзолангани муваффақиятли ўзаро ҳамкорликка яққол мисол бўла олади. Бундай лойиҳалар Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлигини янада оширади.

Бундан ташқари, Ар-Риёд рақамлаштириш соҳасида дунёнинг етакчиларидан бири ҳисобланади. Хусусан, ўтган йили Саудия Арабистони рақамли рақобатбардошлик кўрсаткичи бўйича “Г-20”ра аъзо давлатлар орасида 20-ўринни эгаллади. Бу соҳа, ҳеч шубҳасиз, кенг қамровли “Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегиясини амалга ошираётган Ўзбекистонда юқори даражадаги қизиқишни уйғотади.

Умуман олганда, ташриф икки томонла­ма муносабатлар нуқтаи назаридан тарихий аҳамиятга эга бўлгани ҳолда, унинг якунлари Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Ҳолид ТАЙМУР,

“Ягона келажакка эга жамият” тақлил маркази ижрочи директори (Покистон):

— Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи глобал сиёсатдаги жадал ўзгаришлар рўй бераётган шароитда жуда муҳим аҳамият касб этади.

Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий ташаббуслари ва саъй-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистон минтақанинг кучли мамлакатига айланди, унинг давлат бошқарувидаги муваффақиятли модели эса Ўзбекистон Президентини дунёдаги машҳур сиёсий арбоблардан бирига айлантирди.

Шу боис Ўзбекистон Президентининг Саудия Арабистонига давлат ташрифи икки мамлакат ўртасида турли соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга замин яратишига ишончимиз комил.

“Яшил”, муқобил иқтисодиёт, юқори технологиялар, рақамлаштириш, инновацион ривожланиш соҳалари, шунингдек, кичик ва ўрта бизнес корхоналари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш икки мамлакат етакчилари ўртасидаги музокараларнинг асосий мавзуларидан бўлди.

Ўзбекистон раҳбарининг Саудия Арабистонига давлат ташрифи минтақрлараро ўзаро боғлиқликка янги суръат бахш этишига, икки томонлама ва халқаро ҳамкорлик лойиҳаларини амалга оширишга туртки бўлишига ишонч билдирамиз. Ҳар икки мамлакат ҳам олий даражада янги ташаббусларни бошлаш учун катта салоҳиятга эга.

Покистон хам тарихан мамлакатнинг энергия хавфсизлигини таъминлаш нуқтаи наза­ридан Исломободнинг ишончли ҳамкори, минтақавий ва халқаро кун тартибидаги масалаларда узоқ муддатли стратегик иттифоқчиси бўлган Саудия Арабистони билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилмоқда.

Ўзбекистон ва Покистон минтақавий хавфсизлик ҳамда афгон можаросини тинчлик йўли билан ҳал этиш масалаларида ўзаро манфаатли ва яқин ҳамкорликни давом эттирмоқда. Ҳар икки мамлакат сўнгги йилларда минтақалараро ўзаро боғлиқликнинг энг муҳим лойиҳаларини амалга ошираётган стратегик шериклар ҳисобланади.

Шу сабабли Исломобод, ўз навбатида, Покистоннинг минтақавий иттифоқчилари бўлган Саудия Арабистони ва Ўзбекистон ўртасидаги шериклик ҳамда конструктив ҳамкорликни ривожлантиришга фаол ҳисса қўшади.

Зулкифли БАХАРУДДИН,

Сингапурнинг Ўзбекистондаги элчиси:

— Ўзбекистон билан Саудия Арабистони ўртасидаги замонавий икки томонлама муносабатлар, аввало, ўзаро манфаатли ҳамда тенг ҳуқуқли ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган. Нисбатан қисқа вақт оралиғида ўзаро муносабатлар ўсувчанлик мазмунини касб этди.

Менинг назаримда, Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал бин Фархан Ол Сауднинг 2021 йил Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлиги мавзусига бағишланган халқаро конференцияда иштирок этиш учун Ўзбекистонга буюрган расмий ташрифи ва Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашуви икки мамлакат ўртасидаги муносабатларда муҳим воқеа бўлди. Ўшанда томонлар муҳим масалалар юзасидан суҳбатлашгани ҳолда самарали ҳамкорлик ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш учун мавжуд бўлган имкониятларга юқори баҳо берган эдилар.

Шуни ҳам мамнуният билан қайд этиш керакки, Ўзбекистон ва Саудия Арабистони халқаро ҳамда минтақавий ташкилотлар доирасида, шу жумладан, миллий маърузаларни муҳокама қилиш жараёнларида бир- бирини қўллаб-қувватламоқда.

Ҳар икки давлат ҳамкорликнинг савдо- иқтисодий ва сармоявий таркибий қисмини кенгайтириш ҳамда мустаҳкамлаш, йирик инвестиция лойиҳрларини ҳаётга татбиқ этиш, шунингдек, ўзаро савдо ҳажмини оширишга алоҳида эътибор қаратаётганини ҳам таъкидлаш жоиздир.

Ўзбекистон Президентининг Саудия Арабистонига давлат ташрифи, унинг доирасида икки ва кўп томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича қатор долзарб масалаларнинг муҳокама қилинаётгани халқаро майдонда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Ишончим комилки, ушбу ташриф якунлари стратегик шерикликнинг янги даврини очиб беради ва икки дўст мамлакат ўртасидаги муносабатларни узоқ муддатли истиқболда янада жадал ривожлантиришга хизмат қилади.

«Дунё» АА.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech