Пойтахтимизда БМТ Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг 91-сессиясига тайёргарлик учрашуви бўлиб ўтди

Жорий йил 22 август куни Тошкентда Ўзбекистон Ҳукумати делегациясининг БМТ Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси 91-сессиясида иштирок этишига тайёргарлик кўриш юзасидан давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги Ваколатхонаси ҳамда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Маълумки, 2022 йил 29 август – 23 сентябрь кунлари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг 91-сессияси бўлиб ўтади. Сессия доирасида, 31 август – 1 сентябрь кунлари Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Бешинчи даврий ҳисоботи кўриб чиқилади.

Шу муносабат билан ўтказилган тайёргарлик тадбирида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги Ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё минтақавий бўлинмаси раҳбари ўринбосари Фабио Пиана сўзга чиқдилар.

Ўқув-тренинг давомида халқаро инсон ҳуқуқлари тизими ва Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция ролининг тавсифи, БМТ Қўмитаси ва иштирокчи-давлат ўртасидаги амалий мулоқотнинг мақсади, қоидалари ва тартиблари, Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитанинг якуний кузатишлари асосида Миллий ҳаракат режасини ишлаб чиқиш истиқболлари юзасидан делегация аъзолари ва ишчи гуруҳ вакиллари ўртасида ўзаро фикр алмашилди.

Ҳукумат делегациясига Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция бажарилиши юзасидан БМТ Қўмита аъзолари томонидан берилиши мумкин бўлган эҳтимолий саволлар ҳам муҳокама қилинди. Шу муносабат билан мамлакатимизда болаларни камситмаслик соҳасидаги давлат сиёсатининг амалга оширилиши, никоҳ ва оила, сиёсат ва жамият ҳаёти, таълим ва бандлик, меҳнат ва соғлиқни сақлаш, ижтимоий ва иқтисодий, ташқи сиёсат ва халқаро ҳамкорлик каби кўплаб соҳаларда амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақидаги маълумотлар таҳлил қилинди.

Маълумот учун: бугунги кунга қадар Ўзбекистон томонидан Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция бажарилиши юзасидан БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасига 4 та даврий ҳисобот тақдим этилган.

БМТ Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг 91-сессиясида Ўзбекистон билан бирга Боливия, Вьетнам, Германия, Қувайт ва Шимолий Македония мамлакатларининг ҳисоботлари ҳам кўриб чиқилади.

БМТ Қўмитасининг бўлажак сессиясидан кўзланган асосий мақсад – Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидалари бажарилишини таъминлаш борасида эришилган натижаларни муҳокама қилишдан иборат. Сессия якунида БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси даврий ҳисоботни кўриб чиқиш якунлари юзасидан ўз таклиф ва тавсияларини тақдим этади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

 Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси расмий сайти

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech