Жорий йил 26 август куни Тошкентда БМТнинг 1951 йилдаги Қочоқлар мақоми тўғрисидаги конвенцияси ва мазкур Конвенциянинг 1967 йилдаги Протоколига қўшилиш истиқболлари нуқтаи назаридан Ўзбекистон қонунчилиги ва амалиётининг ҳуқуқий таҳлилига бағишланган семинар бўлиб ўтди. Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва БМТ Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Омбудсман институти, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, манфаатдор вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат семинар иштирокчиларига айни мавзудаги тадқиқот натижалари тақдим этилди.




БМТнинг иккинчи қўшма йиллик иш режаси доирасида тайёрланган ушбу тадқиқотда Ўзбекистон Республикасининг қочоқларни ҳимоя қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти таҳлил қилинган. Унда бу борадаги миллий ҳуқуқ нормалари билан халқаро стандартлар ва мамлакатнинг халқаро шартномалар доирасидаги ҳуқуқий мажбуриятлари ўзаро қиёслангани эътиборлидир.
Шу билан бирга, тадқиқотда айни йўналишдаги энг мақбул яхши амалиётлар ва бўшлиқлар ёритилган. Келгусида бу борада қонунчиликда ўз аксини топадиган ўзгаришлар ва ҳукумат учун миллий мудофаа тизимини янада ривожлантиришга бўйича тавсия ҳамда кузатишлар қайд этилган.

Тадбирнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ва БМТ Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича директори ўринбосари Думитру Липкан сўзга чиқди.
Хусусан, А.Саидов ер юзида глобал геосиёсий инқирозлар ва фавқулодда вазиятлар туфайли ўз мамлакатларини тарк этишга ёки сиёсий бошпана излашга мажбур бўлганлар сони доимий равишда ўсиб бораётганини афсус билан қайд этди. Бундай қийин ва хавфли вазиятларда дунё ҳамжамияти, халқаро ташкилотлар ва бутун дунё фуқаролари бошпанага муҳтож одамларни ҳимоя қилиш ҳаракатларини кучайтираётгани муҳимлигини таъкидлади.


Шу муносабат билан ХХI асрда янада долзарблик касб этаётган БМТнинг 1951 йилдаги Қочоқлар мақоми тўғрисидаги конвенцияси ва мазкур Конвенциянинг 1967 йилдаги Протоколи бутун дунё бўйлаб таъқиблар ва зўравонликлар туфайли ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган миллионлаб одамларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва сақлашнинг ҳуқуқий асосини ташкил этувчи асосий ҳужжатлардир. Ушбу икки ҳужжат халқаро қочоқлар ҳуқуқларининг энг батафсил ва кенг қабул қилинган кодификациясини ифодалайди.
Бинобарин, “ҳар икки халқаро-ҳуқуқий ҳужжат талабларини давлатларнинг миллий қонунчилигига имплементация қилиш бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Умид қиламанки, ушбу тадқиқот натижалари мамлакатимиз қонунчилигини такомиллаштиришга, демократик тамойиллар ва инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг ҳуқуқий кафолатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади", - деди Акмал Саидов.
Ўз навбатида, БМТ Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича директори ўринбосари Думитру Липкан ушбу тадқиқот қимматли маълумот манбаи бўлиб хизмат қилишига ишонч билдирди. Чунки Ўзбекистон ҳудудида бошпана изловчиларни самарали ҳимоя қилиш учун амалдаги қонунчилик асосида вақтинчалик чора-тадбирларни амалга ошириш масаласи кўриб чиқилаётгани бу борада муҳим аҳамият касб этади.



Думитру Липкан "БМТ Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармаси Ўзбекистоннинг 1951 йилдаги Қочоқлар мақоми тўғрисидаги конвенцияга ва 1967 йилдаги Протоколга қўшилган ва уларни амалга ошираётган БМТга аъзо бошқа давлатлар билан бир қаторда туриш истагини қўллаб-қувватлашга доимо тайёр", деб алоҳида таъкидлади.
Тадқиқотда эътибор қаратилганидек, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлари ва қонуности ҳужжатлари халқаро ҳимояга оид бир қатор қоидаларни ўз ичига олган. Таҳлил натижалари бўйича миллий қонунчиликни 1951 йилги Конвенция қоидалари ва бошқа тегишли халқаро стандартларга мувофиқлаштириш тавсия этилмоқда.


Маълумот учун: БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши Умумжаҳон даврий шарҳининг 2018 йилдаги 30-сессиясида Ўзбекистон ҳукумати 1951 йилдаги Қочоқлар мақоми тўғрисидаги конвенцияни ва унинг 1967 йилдаги Протоколини ратификация қилиш бўйича тавсияларни қўллаб-қувватлаган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва БМТ Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармаси 2020 йилдан буён Ўзбекистонда фуқаросизликни камайтириш ва унинг олдини олиш ҳамда қочоқларни ҳимоя қилиш бўйича Умумжаҳон даврий шарҳ тавсияларини бажариш учун ўзаро ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 26.08.2022
- Кўришлар: 5986
- Чоп этиш