ШҲТнинг ахборот хавфсизлиги бўйича илмий-эксперт форумига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди

2022 йил 29 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида жорий йилнинг 6 сентабрида Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган ШҲТнинг ахборот хавфсизлиги бўйича илмий-эксперт форумига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори ўринбосари Бобур Усмонов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори бошқарма бошлиғи Аҳрор Саидов, “Киберхавфсизлик маркази” давлат унитар корхонаси бошқарма бошлиғи Жаҳонгир Маҳмудов, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ахборот хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Азизжон Исмоилов иштирок этди.

Матбуот анжуманида таъкидланганидек, ШҲТнинг ахборот хавфсизлиги бўйича биринчи эксперт форумини ўтказиш ташаббуси 2021 йил 17 сентабрида бўлиб ўтган ШҲТга аъзо мамлакатлар Давлат раҳбарлари кенгашининг Душанбе саммитида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган эди.

Хусусан, Ўзбекистон Президенти ШҲТ маконида тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришнинг асосий устувор йўналишларига тўхталар экан, мавжуд вазиятни мунтазам муҳокама қилишни таъминлаш, таҳдидларга қарши курашиш бўйича қўшма чора-тадбирларни келишиш, шу жумладан, ахборот майдонида халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича алоқалар муҳимлигини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари кибермакондаги замонавий таҳдидларга муносиб жавоб бериш бўйича мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш мақсадида ШҲТнинг ахборот хавфсизлиги бўйича биринчи илмий-эксперт форумини ўтказишни таклиф қилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитасининг кўмагида ташкил этилаётган мазкур тадбирга тайёргарлик ишлари айни дамда якунланаётгани қайд этилди.

Форумда ШҲТ Бош котиби Чжан Минг, ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори Руслан Мирзаев, шунингдек, ШҲТга аъзо давлатларнинг тегишли вазирлик ва идоралари, илмий, академик ва таҳлилий доираларининг етакчи экспертлари иштирок этиши режалаштирилган.

 Тадбир доирасида Ўзбекистон томонидан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги масъул бошқармалари раҳбарлари, шунингдек, ихтисослаштирилган бошқармалар раҳбарлари вакиллик қилади – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспексияси, Ахборот технологиялари ва ахборот ресурсларини ривожлантириш маркази, “Ўзбектелеком” аксиядорлик компанияси, “Киберхавфсизлик маркази” давлат унитар корхонаси.

Тадбирда ахборот маконидаги таҳдидларга қарши курашиш бўйича ҳамкорлик, кибертаҳдидларга қарши курашиш контекстида инсон ҳуқуқларини таъминлаш, ШҲТ ролини кенгайтириш ва бу борада давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби кенг кўламли масалалар муҳокама қилинади.

Умуман олганда, анжуманда сўзга чиққан вакиллар кутилаётган эксперт форуми ахборот хавфсизлиги соҳасида мувофиқлаштирилган ва бир-бирини тўлдирувчи чора-тадбирларни қабул қилиш имконини беришини, бу эса аъзо давлатлар доирасида бу борада олиб борилаётган ишлар самарадорлигини сезиларли даражада оширишини таъкидладилар.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech