Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази жамоаси Марказнинг Ҳисоб-китоб бўлими бошлиғи Дилбар Шодмонованинг вафоти муносабати билан марҳуманинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдиради.
Дилбар Шодмонова 1962 йил 8 февралда Қозоғистон Республикасининг Чимкент вилоятида таваллуд топган. 1986 йилда Тошкент автомобиль ва йўллар институтини иқтисодчи мутахассислиги бўйича тамомлаган. 2011 йилдан бошлаб Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида меҳнат фаолиятини олиб борган.
Ўз соҳасининг етук мутахассиси, оқкўнгил ва самимий аёл Дилбар опа меҳнат фаолияти даврида ҳалоллиги, кенг билим ва дунёқарашга эгалиги билан барча ҳамкасбларининг меҳрини қозонди, жамоада юксак ҳурмат-эҳтиромга сазовор бўлди.
Ибратли меҳнат фаолияти, фаоллиги ва ташаббускорлиги учун Дилбар опа 2022 йилда “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланган.
Қадрли ҳамкасбимиз, фидойи ва оқила аёл, эл корига камарбаста фарзандлар тарбиялаган меҳрибон она – Дилбар опанинг ёрқин хотираси унутилмайди, қалбларимизда яшаб қолади.
Дилбар опани Аллоҳ ўз раҳматига олиб, охиратларини обод қилсин.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг касаба
уюшмаси жамоаси
- Қўшилди: 05.09.2022
- Кўришлар: 5056
- Чоп этиш