Глобал форум иштирокчиси профессор Рейн Мюллерсон Тошкентга ташриф буюрди

Мамлакатимизга 5-6 декабрь кунлари Cамарқанд шаҳрида ўтказиладиган “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим” Глобал форуми иштирокчиларининг ташрифлари бошланди.

2022 йил 3 декабрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов Тошкент халқаро аэропортида Таллин университети (Эстония) Бошқарув, ҳуқуқ ва жамият академияси фахрий профессори Рейн Мюллерсонни кутиб олди.

Профессор Рейн Мюллерсон – Ўзбекистоннинг яқин ҳамкорларидан бири. У 2022 йилда инсон ҳуқуқларига оид илмий ва ўқув ишлари соҳасидаги самарали халқаро ҳамкорлиги туфайли “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишонига  (Ўзбекистон) муносиб топилди.

Р.Мюллерсон Глобал форум ишида қатнашади. Хусусан, олимнинг “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича маҳорат дарслари”да маъруза қилиши кутилмоқда.

Маълумот учун: Глобал форумнинг хорижий иштирокчиларини кутиб олиш учун Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, шунингдек, Тошкент ва Самарқанд халқаро аэропортларида штаблар ташкил этилди.

Меҳмонларни меҳмонхоналарга  жойлаштириш, транспорт воситаси билан таъминлаш, бўш вақтларини кўнгилли ўтказиш учун саёҳатлар ташкил этиш чоралари кўрилмоқда.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Darakchi.uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech