Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича Халқаро пакт ижрога қаратилди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қўшма қарори билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг амалга оширилиши тўғрисидаги Учинчи даврий маърузасини кўриб чиқиш якунлари бўйича БМТнинг Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмитаси тавсияларини амалга ошириш юзасидан 2022-2026 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режаси тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси мазкур Пактга 1995 йил 31 августда қўшилган.

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистонда Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактда белгиланган ҳуқуқларни изчил ва тўла амалга оширишга қаратилган тадрижий сиёсат олиб боришга устувор аҳамият берилмоқда.

Ўзбекистон мазкур Пакт қоидаларини ва БМТнинг Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмитаси тавсияларини амалда самарали татбиқ этиш учун қонун ижодкорлиги, маъмурий, ташкилий, маърифий, иқтисодий соҳаларда таъсирчан чораларни қўллаб, ижросини мунтазам мониторинг қилиб бормоқда.

2022 йил 22-24 февраль кунлари БМТ Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмитасининг 71-сессиясида Ўзбекистон Республикасининг Учинчи даврий маърузаси кўриб чиқилди. Сессия якунида Қўмитанинг даврий ҳисоботни кўриб чиқиш якунлари юзасидан Ўзбекистон Республикасига тақдим этган таклиф ва тавсияларини амалга ошириш мақсадида Миллий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш белгиланди.

Миллий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш учун Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан вазирлик, идора ва ташкилот мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ шакллантирилди.

Миллий ҳаракатлар режасининг лойиҳаси ишчи гуруҳ аъзолари ҳамда халқаро ташкилотлар экспертлари томонидан берилган таклифлар асосида ишлаб чиқилди.

Миллий ҳаракатлар режаси жами 34 чора-тадбирни ўз ичига олган бўлиб, ушбу тадбирларни 2022-2026 йилларда амалга ошириш режалаштирилган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech